ЎЗБЕКИСТОН

Қозоғистон октябрдан Россия газини Ўзбекистонга етказишни бошлайди

Қозоғистоннинг ҚазақГаз компанияси 2023 йил октябр ойидан бошлаб «Марказий Осиё – Марказ» қувури орқали Россия газини Ўзбекистонга транзит қилишни режалаштирмоқда, дея хабар қилди компания матбуот хизматига таяниб, Казинформ нашри.

Компания раҳбари Санжар Жаркешов 20 июл куни Атирау вилоятига бориб, газ қувурининг Қозоғистондан ўтувчи қисмида олиб борилаётган тайёргарлик ишларини кўздан кечирди.

Июнь ойида Россиянинг Газпром компанияси ва ҚазақГаз Россия табиий газини Қозоғистон орқали Ўзбекистон истеъмолчилари учун ташиш бўйича хизматлар кўрсатиш ҳақида шартнома имзолаган эди.

Шунингдек, 19 июн куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россия октябр ойидан Ўзбекистонга кунига 9 миллион куб метр газ экспорт қилишни бошлашини маълум қилди. Йиллик ҳажм тахминан 2,8 миллиард кубометрни ташкил қилади. Россия энергетика вазири Николай Шулгинов 9-июн куни Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида «газ иттифоқи»ни ташкил қилиш бўйича муҳокамалар давом этаётганини айтганди. Жумладан, йил бошида Газпром, Қозоғистон ва Ўзбекистон томонидан имзоланган иккита «йўл харитаси» асосида иш олиб борилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan