СИЁСАТ

Янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинганига бир йил бўлди

Бундан роппа-роса бир йил олдин, айнан бугун – 30 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонунни қабул қилиш бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтган эди.

Референдумда овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини референдумда иштирок этганларнинг 90,21 фоизи қўллаб-қуватлаб овоз берди. Бу билан Ўзбекистон халқи республика раҳбарияти, шахсан Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган “инсон қадри учун” тамойилига асосланган ислоҳотларни давом эттиришдан манфаатдорлигини намоён этди. 

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда бундай йирик сиёсий тадбирни ўтказишга масъул бўлган органлар томонидан референдумни халқаро нормалар ва умумэътироф этилган демократик тамойилларга тўла мос ҳолда ўтказиш учун барча шарт-шароит яратиб берилгани, фуқароларни ҳеч бир монеликсиз овоз беришларига замин яратди.

Аввалгилардан фарқли ўлароқ, Марказий сайлов комиссияси янги таҳриридаги Конституцияни қабул қилишга ҳожат йўқ деб, овоз берганлар 9,35 фоизни ташкил этганини очиқ эълон қилди. Бу ҳам табиий, албатта. Энг муҳими, референдум барча демократик тамойилларга мувофиқ бўлиб ўтди.

Қувонарли томони шундаки, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонунни қабул қилиш бўйича референдум дунё жамоатчилиги томонидан жуда катта қизиқиш билан кузатиб борилди. Буни биргина Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумни аккредитациядан ўтган оммавий ахборот воситаларининг жами 964 нафар вакили, жумладан, 127 та хорижий оммавий ахборот воситасидан 192 нафар вакил бевосита кузатиб ва ёритиб борганлиги фикримизга далил бўла олади.

Референдумни ўтказиш жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида ташкиллаштирилиб, ҳеч бир ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйилмаганлиги ҳам эътиборли деб ўйлаймиз. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан берилган ахборот натижалари шуни кўрсатдики, Референдумни ўтказишга масъул бўлган Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан судга мурожаат қилинмаган.

Шунингдек, жойларда ҳам Маъмурий судларга референдум ўтказувчи комиссияларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан, жумладан овоз берувчи фуқаролар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида шикоятлар келиб тушмаган. 

Ҳатто, Референдумга тайёргарлик кўриш жараёнлари бошланганидан то референдумни ўтказиш куни 30 апрелга қадар референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш, жумладан референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш, референдум ўтказувчи комиссиялар қарорларини ижро этмаслик, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари судларга келиб тушмаган.

Шунингдек, бутун референдум ўтказиш жараёнида референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш, референдумга тайёргарлик кўриш ва референдум ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш билан боғлиқ бўлган қоидабузарлик учун бирон-бир шахс маъмурий жавобгарликка тортилмаган.

Референдум ташкил қилиш, уни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари ёхуд референдум комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш, фуқароларнинг референдумда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилиш билан боғлиқ жиноят ишлари ҳам судларнинг иш юритувига келиб тушмаган.

Энг муҳими, Ўзбекистон халқи бундан 1 йил муқаддам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб” ўзининг тарихий қарорини қабул қилди.

О.Мусуров, Термиз туман адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юристконсулти

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan