ДУНЁ

АҚШ Халқаро жиноий суд Исроилни тергов қилишига қарши чиқди

АҚШ Халқаро жиноий суд (ХЖС) Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини тергов қилишига қарши чиқмоқда. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Фото: Reuters

АҚШ ХЖС Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Исроилнинг бошқа юқори мартабали амалдорларини ҳибсга олишга ордер бериши мумкинлигига муносабат билдирди. Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер АҚШ терговни қўллаб-қувватламаслигини, шунингдек, Гаагадаги Халқаро жиноий суд бундай юрисдикцияга эга эмаслигини айтди.

Исроил расмийларининг икки манбасига кўра, Нетаньяху 28 апрель куни Байден билан телефон суҳбати чоғида ордер берилиши эҳтимолидан хавотир билдирган. АҚШ расмийлари ХЖС ордер беришни режалаштирганига ишончи комил эмаслигини билдирган. Бироқ бир қанча нодавлат ташкилотлар ва Рим статутини имзолаган давлатлар судни бунга ундаётганини маълум қилган. Оқ уй икки етакчи ўртасида бўлиб ўтган суҳбат тафсилотларини очиқламади.

Аввалроқ Исроил оммавий ахборот воситалари Нетаньяху Халқаро жиноий суд уни, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ва Бош штаб бошлиғи Герци Ҳалевини ҳибсга олиш учун ордер беришидан қўрқишини хабар қилганди.

Гаагадаги Халқаро жиноий суд 2021 йилдан бери Ғазо секторидаги ҳарбий жиноятларда айблаб, ҲАМАС ва Исроилга нисбатан суриштирув олиб бормоқда. Ғарбий Соҳилда исроиллик кўчманчилар томонидан содир этилган зўравонлик ҳаракатлари бўйича ҳам тергов кечмоқда.

Халқаро жиноий суд юрисдикциясини қабул қилган давлатлар, агар айбланувчилар ушбу давлатлар ҳудудида бўлса, ордерга мувофиқ уларни ҳибсга олиши ва Гаагага топшириши шарт. АҚШ каби Исроил ҳам Халқаро жиноий суднинг юрисдикциясини тан олмайди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan