ДУНЁ

АҚШ осмонидаги “жосус шар” машмашаси фонида Хитой Россияга янада яқинлашди

Хитой бугун, 4 февраль куни ташқи ишлар вазири ўринбосари Ма Чжаоху шу ҳафта мамлакатга ташриф буюриб, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашганидан кейин Россия билан ўзаро сиёсий ишонч мустаҳкамланганини айтди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Хитой Россия билан стратегик шерикликни амалга ошириш ва муносабатларни янада ривожлантиришга ёрдам беришга тайёр.

Шунингдек, Хитой ТИВ баёнотида вазир ўринбосари Ма 2-3 февраль кунлари ташрифи чоғида Россия ташқи ишлар вазири ўринбосарлари Андрей Руденко ва Сергей Вершинин билан ҳам учрашгани, суҳбат чоғида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик, умумий манфаатларга эга бўлган халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилгани маълум қилинган.

Таъкидлаш жоизки, Хитой ТИВ баёноти Хитой ҳаво шари АҚШ ҳаво ҳудуди узра парвоз қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалиб, икки давлат ўртасидаги кескинлик кучайганидан сўнг янграган. Вашингтон буни “айғоқчи ҳаво шари” деб таърифлаган бўлса, Хитой буни метеорологик ва бошқа илмий мақсадларда фойдаланиладиган дирижабль эканини таъкидлаган. Бу шов-шувлар фонида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Хитойга кеча, 3 февраль куни бошланиши кутилаётган ташрифи кейинга қолдирилган.
Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг Ма ташрифи ҳақидаги баёнотида Россия қарийб бир йилдан бери “ҳарбий операция” олиб бораётган Украина ҳақида умуман сўз бормаган. Хитой буни қоралаш ёки “босқин” деб аташдан ўзини тийган.

Россия ташқи ишлар вазири Лавров эса 2 февраль куни Москванинг Хитой билан алоқалари чегарага эга эмаслигини ва расмий ҳарбий иттифоқ бўлмасада, муносабатлар анча кенгроқ хусусиятга эга эканлигини айтган.

Маълумот учун, Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Россия Президенти Владимир Путин бир йил аввал Москвада АҚШнинг таъсирига қарши туришга қаратилган стратегик ҳамкорликни эълон қилган ва улар ҳамкорликнинг “тақиқланган” соҳалари бўлмаслигини айтган эди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan