Politico: БМТ Бош Ассамблеясида Украинанинг Россия ҳудудига чуқур зарба йўллашига рухсат берилиши мумкин

Британия расмийлари орасида номи ошкор этилмаган Politico манбаларининг фикрича, Украина Қуролли Кучларининг Ғарб қуроллари билан Россияга чуқур зарба бериши мумкинлиги ҳақидаги қарор яқин кунларда кутилмайди. Бироқ нашр суҳбатдошларидан бири бундай қарор 22-23 сентябрь кунлари Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясида қабул қилиниши мумкин, деб ҳисоблайди.
Politico суҳбатдошлари, шунингдек, АҚШ ва Буюк Британия ҳозир бу борадаги музокараларнинг якуний босқичида эканини айтишди. Нашр манбаларидан бирининг аниқлик киритишича, Ғарб давлатлари Эрон гўёки Россияга қисқа масофали баллистик ракеталар жўнатгани ҳақидаги маълумот туфайли қарор қабул қилишга кўндирган. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен баёнот берди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга ракета етказиб беришни рад этади. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Россияга қурол-яроғ етказиб бериш борасидаги мунозаралар “ҳеч қандай асосга эга эмас”лигини айтди.
Расмий равишда АҚШ ва Буюк Британия ҳукуматлари Россия ҳудудига ҳужумлар учун Украинага етказиб бериладиган икки турдаги узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга қарши. АҚШ президенти Жо Байден Буюк Британия бош вазири Кей Стармер билан учрашувда бу масалани муҳокама қилишни режалаштирмоқда.
Россия президенти Владимир Путиннинг таъкидлашича, бундай қарорнинг қабул қилиниши НАТО давлатларининг Россия-Украина можаросида иштирок этишини англатади, бу эса Россия томонининг тегишли қарорларини қабул қилишга олиб келади.