ДУНЁ

15 апрель —Халқаро экологик билимлар куни

Дунёда кун сайин кескинлашиб бораётган экологик муаммоларни бартараф этиш учун экологик билим юқори бўлмоғи лозим. Шу боис ҳам ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида Экологик билимлар куни нишонланади. Бу кунни 1992 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган БМТ конференциясида атроф-муҳит муаммолари муҳокамаси чоғида инсониятнинг ҳаёти ва барқарорлиги учун бутун дунё аҳолиси ўртасида экологик билимни тарғиб этиш мақсадида нишонлаш таклиф этилган эди.

Ушбу сананинг асосий мақсади – сайёрамиз аҳолисининг экологик билимини бойитиш ғоясини илгари суриш, аҳолида экологик маданиятни ривожлантириш, жамиятнинг экологик хавфсизлиги ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш ҳамда ҳар бир фуқарони табиатга ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялашни тарғиб этишдан иборат.

Айтиш лозим, экологик муаммоларнинг тобора глобал аҳамият касб этиб бораётганини инобатга олиниб, мамлакатимизда муҳим устувор вазифалар билан бир қаторда, атроф-муҳит муҳофазаси, экологик маданият, экологик таълим-тарбия ва маърифат масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 2 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам аҳолининг экологик маданиятини оширишга яна бир бор эътибор қаратди. Албатта, бу жараёнда ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, дахлдорлик ҳисси билан уйғун ҳолда таълим-тарбия бериш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Давлат экология қўмитаси ҳамда ҳудудий бошқармалар, тизимдаги ташкилотлар томонидан ҳам ушбу сана муносабати билан таълим даргоҳлари, илмий муассасалар билан ҳамкорликда қатор тадбирлар, учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan