ДУНЁ

Францияда ўқувчилар 11-майда мактабларга қайтадими?

Франция ҳукумати 11-майдан бошлаб ўқувчиларнинг мактабга қайтиши борасида қарор қабул қилган эди. Бироқ бу ҳолатга турлича фикрлар билдирилмоқда.

Мактабларда дарсларни қай тарзда ташкил этишни ўрганиш учун Франция президенти Эммануэль Макрон Париж яқинидаги Пьер Ронсар номли мактабга ташриф буюрди. Бу мактаб карантин пайтида ҳам ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ. Боиси, Пьер Ронсарда инфекция билан курашаётган шифокорларнинг фарзандлари таълим олишмоқда. Макрон айнан ушбу мактабдаги дарс ўтиш усули барча таълим муассасаларига тадбиқ этилиши кераклигини айтди. Синфда ўқувчилар ниқобларда, бир-биридан маълум масофавий узоқликда жойлашган ҳолда ўқув машғулотларини олиб борадилар.

Францияда мактабларнинг очилишини интизорлик билан кутаётган ота-оналар билан бир қаторда, болаларининг соғлигидан хавотирга тушаётганлар ҳам бор. Шунингдек, кўплаб француз коммуналарининг раҳбарлари мактабларнинг очилишига қарши. Якшанба куни Ил-де-Франс региониниг 300 дан ортик ҳокими, шу жумладан Париж мери ҳам президентга мактабларнинг очилишини кейинга қолдиришни сўраб мурожаат қилган. Уларнинг асосий талабларидан бири синфда 15 нафардан ортиқ ўқувчи бўлмаслиги керак. Бироқ мактаб ҳовлисида оралиқ масофани сақлаш масаласи муаммолигича қолади.