АДАБИЁТ

Она тил таровати

Қора жилва
Тилимизда “қора” деган сўз бор. Бу сўзни эшитган киши рангни тушунади. Бу ранг туркий халқларда она ранг ҳисобланади. Қадимги туркийлар қарашларига кўра барча ранглар шу қора ранг асосида пайдо бўлган. Қора улуғлик, юксаклик белгиси саналган. Қора уй, қора хон, қора тоғ каби турли вазиятларда турли сабаблар билан ишлатилган сўз қўшимчалари бежизга пайдо бўлмаган. Коинотдаги қора туйнук, қора масса каби тушунчаларнинг мавжудилигида ҳам айни шу рангнинг ўрни кўринади.
Хуллас шу сўз жуда узоқ йўлни босиб ўтган. Шу сўзнинг тилимизда нақадар жилва қилишини, қанчалик кўп маъно ташишини қуйидаги ҳолатда кўриш мумкин.
***
Ҳали қора саҳар эди. Қора уй тўрида ётган Қора момо “воҳ болам”, деб алаҳсиб уйғонди. Қаватидаги келини сапчиб тушди. Келин қора чироқнинг шуъласида тимирскиланиб бориб, хумдан сув олиб келди. Момо сув ичди, калима қайтариб пичирлаб қўйди. Тонг оқармай уй сиртига ўтиб нон синдирди, қўни-қўшниларга улашди. Ноннинг илк парчасини итга ташлади. Ҳар кун қора овқат – кепак қориқ еб ўрганган ит эркаланиб нонни илиб кетди. Келин-қайнона узун-қисқа бўлиб уйга кирдилар. Уйга киришган Қора момо ўғлига атаб танҳо қора моли – қисир қолган соғин сигирни худойига деб ният қилди. Ташқаридан ёмғир товуши эшитилди.
Қора булут осмонни момонинг кўнглидай тўлдирди. Момо жуда ёмон туш кўриб эди. Кун чошгоҳга яқинлади ҳамки момо туз тотмади. Ташқарида изғирин елиб турган бўлса-да момонинг манглайидан қора тер қуйилаверди. Келиннинг “бирор нима енг”, деб айланиб-ўргилганига ҳам қулоқ солмади. “Кўнглим қоп-қора. Еганим ичимга тушмайди, болам…” деб изиллаб ўтираверди. Икки кўзи овулга ошиб келадиган тупроқ йўлда эди. “Қора мошин ошса, раис келади. Раис билан почтачиям келади…”
Момо ёлғончига келиб тўққиз қурсоқ кўтарди. Шулардан олтовини қора ерга топширди. Икки қиз ва ёлғиз ўғил омон қолди. Қизларини “Отанинг уйи – арчанинг кўланкаси” деб тенги чиққанда узатиб-узатиб юборди. Чоли етти йил аввал бандалик қилганди. Суянгани, таянгани ёлғиз ули – Тоштемирни эса урушга олиб кетишди. Қўли калтаям, бош эгаси йўқ ҳам демади. Ҳувиллаган уйда Қора момо ва қирқ кунлик гумонаси билан уч ойлик келин қолди. Момонинг оти Бибисулув эди. Суяк суриб қорамағизли, отаси раҳматлидай полвонкелбат бўлганидан ҳамда қўлида қушночлик ҳунари борлиги сабаб уни эл Қора момо деб атаб кетди.
Ниҳоят кампирнинг силласи қуриди, чўзилиб ётиб қолди. Ташқарида ёмғир кучая бошлади. Кампир келини пиширган кескан ошдан ўзини мажбурлаб-мажбурлаб ичди. Тағин терлади. Бироз ўзига келди. “Менинг кўнглимни шартта узиб, шу итнинг олдига ташлайдиган-да, ўзи, келин”, деб ўзини ўзи юпатган бўлди. Ҳарҳолда кампир анча ўзига келиб қолган эди. Ташқарилади. Ёмғир жимиллабгина, бир маромда ёғар эди. “Бу қора ёмғир икки кунсиз тинмайди энди. Осмоннинг меши тешилди”, дея гапиринди.
Кун пешин бўлди. Бир маҳал ташқаридан “Қора момо”, деган сас келди, сўнг отнинг кишнагани эшитилди. Шу билан баравар ит ҳам ҳурди. Кампирнинг юраги қинидан чиқиб кетаёзди. У ётган жойидан қандай кўтарилганини ўзи ҳам билмай қолди. Биргина “Қора момо” деган садо уни ўрнидан қоим қилди. Келин-қайнона олдин-кейин ташқарига чиқди. Уй олдида бир отлиқнинг қораси кўринди. Бу Жиловдор почтаси эди. Жиловдор хуржунидаги чарм халтасидан бир хатни олиб тайёрлаб турган экан, момонинг сўрашганларига ҳам парво қилмай, хатни берди-ю, шошаяпман, деб отига қамчи урди. Бир зумда ғойиб бўлди. Кампирнинг “чой ичиб кет”, деганигаям қарамади…
Жипакдан эшган арқонинг
Тортарга келмай узилди.
Қизиблар турган бозоринг
Савдолар келмай бузилди.

Энанг бўлмай, ўлайин-а…
Очилмади бир гулинг,
Ўтовда қолди булбулинг,
Сени олмай мени олса бўлмасми?..
Ана шундай садо билан асрнинг кўкси тилинди. Оломон йиғилди. Кампир уй олдида, ёмғир тагида, қора лойга ботиб бўз тортди. Келин соя ёйиб ўзини қора уйнинг эрганак-эшигига урди. Қора мошинда раис келди. У билан почтачиям келди. Кампир она арслондай айқириб почтачининг ёқасидан олди:
– Қора хат бергунча оғзингдан қора қонинг келса бўлмасмиди, йўли қора?!
Одамлар музтар турган почтачини кампирнинг чангалидан аранг айириб олдилар. Кампир раисга ўтдай тармашди:
– Боламни сен единг, раис бўлмай қоранг ўчгур. Бегим калнинг улини урушдан оп қолдинг – бойга боқдинг. Менинг тузим урсин сени. Қора халққа қайишмадинг, қора ноним урсин сендай ичи қорани…
Бахти қора бўлган келиннинг доғи кампирникидан кам эмас эди:
– Қоронғи бозор қилиб
Кетдинг, тўрам-ов!
Қора сочимни қорлар
Босди-я тўрам-ов…
Мақола муддаоси учун ушбу воқелик шартли равишда ҳикоя шаклини олди. Қолаверса, II-Жаҳон урушининг бу каби асорати манзаралари ўқувчига бегона эмас. Бу ерда муддао воқеликдаги ижтимоий ҳолатга урғу бермоқ эмас, балки тилимизнинг бойлигини, имкониятларини тасаввур этишни осонлаштирмоқдир.
Диққат қилайлик: матндаги “қора” сўзларининг ҳеч бири аслан қора бўлмаган негизли сўзлар билан бирга келаётир.

Шодмонқул САЛОМ