ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Отага жарима, ўғилга 15 суткалик қамоқ

23 апрель куни Термиз шаҳри ҳудудида Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг талабларига бўйсунмаган “Тико” русумли автомашина ҳайдовчиси ўз уйи қочади. Шу атрофдаги инспекторлар ҳолат ҳақида хабар топгач, қоидабузарга етиб оладилар ва уни уйига яқин жойда тўхтатишади. Ҳайдовчи эса тўсатдан бақириб ўғлини ёрдамга чақиргач, ички ишлар ходимлари рўпарасида пичоқ кўтарган йигит пайдо бўлади. Ҳақорат, сўкиниш ва қўрқитишлар билан 19 ёшли йигит ҳаммани тумтарақай қиламан, деб ўйлаган бўлса ажаб эмас. Аммо, кутилмаганда қўшимча кучлар жалб этилиб, совуқ қурол кўтарган фуқаро зарарсизлантирилди. Унинг хатти-ҳаракатлари Термиз шаҳар маъмурий судида ҳам кўриб чиқилди.

Оқибат шундай бўлдики, Термиз шаҳри “Паттакесар” маҳалласида яшовчи “Тико” автомашинасида қоидабузарлик содир қилган ҳайдовчи Собир Бобоёров(исм фамилиялар ўзгартирилган) га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Унинг ўғли Шавкатбек эса 15 суткага қамалиб, ундан маъмурий қамоқ жазосининг ҳар бир суткаси учун 33 минг 450 сўмдан жами 501 минг 750 сўм давлат даромадига ундириладиган бўлди.