Чекловчи тадбирлар (карантин) тушунчасига “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида таъриф берилган. Хусусан, карантин— юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари эканлиги қайд этилган. Конституциямиз ва бу каби қонунларда фавқулотда вазият ва карантин тадбирларини жорий этиш ва ушбу жараёнларда ҳаракатланиш меҳанизмлари қайд этилган бўлиб, карантин жорий этиш ва карантин давридаги муносабатларни мувофиқлаштиришга Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар масъул эканлигини кўришимиз мумкин.
Мамлакатимизда ҳам 2019-nCoV коронавируси пандемияси билан боғлиқ эпидемиологик фавқулотда вазиятнинг юзага келиши ва ушбу касаллик авж олишига йўл қўймаслик мақсадида Давлат раҳбарининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сон фармойиши билан Бош вазир бошчилигидаги махсус комиссия ташкил этилди ва комиссияга бир қатор вазифа ва ҳуқуқлар берилди. Комиссия ўз ваколатлари доираси 15 мартдаги, 23 мартдаги, 8 апрелдаги, 19 апрелдаги қарорлари билан Республикамиз ҳудудларида фуқароларимизнинг соғлиғини сақлаш мақсадида айрим 2019-nCoV коронавирус инфекциясига қарши курашишга қаратилган чекловлар ўрнатилди ва бу чекловларнинг айримлари эпидимиологик вазиятдан келиб чиқиб давом эттирилмоқда.
Бироқ, қонунчилигимизда карантиннинг амал қилиши билан боғлиқ муддатлар аниқ белгиланмаган. Аммо, Президент фармойишига асосан ташкил этилган Комиссига умумжаҳон, минтақавий ва мамлакат ичидаги эпидемиологик вазиятни доимий таҳлил ва мониторинг қилиш, мамлакатда коронавируснинг тарқалиши ва эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши тенденсияларини прогноз қилиш, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиши эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда коронавирус бўйича эпидемиологик вазият мураккаблашган ҳолатда Ўзбекистон Республикасига коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш бўйича таклифларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентига киритиш каби вазифалар юкланган. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, карантин муддатини тугатиш масалалари ҳам Давлат раҳбари ёки комиссия томонидан юртимизда давом этаётган санитария-эпидемиологик вазият барқарорлашиши(касаллик аломатлари фуқароларимиздан аниқланмаган охирги кундан келиб келиб чиқиб, охирги беморлар соғайиши) билан бекор қилиниши мумкин.
Хулоса, қилиб айтишимиз мумкинки, давлат раҳбари бошчилигида қилинаётган ислоҳот ва сай-ҳаракатлар натижаси ўлароқ махсус комиссиянинг қарори билан эпидимиологик вазият барқарорлашиб, пандемия билан боғлиқ вазият юмшаётганлиги сабабли тез кунларда, карантин чекловларининг барчаси олиб ташланади.
Салоҳиддин Саттаров
Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси