ТАҲРИРИЯТДАН: Почтамизга Набижон Боқийнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган “Эврилиш” мақоласига жавобан “Наби Боқийнинг боғи” деб номланган мақола келиб тушди. Уни эътиборингизга ҳавола этарканмиз, таҳририят фикри муаллиф нуқтаи назарини англатмаслигини эслатиб ўтамиз.
Бир тоифа ёзувчилар борки, феълу хўйи “афғон шамоли” янглиғ табиатнинг баҳорий маромига қайишмас эса-да, асарлари Тоғай Мурод қиссалари каби гўзал битилади. Улар қалб “бўлма”ларини буткул беркитиб, муҳитнинг қуйқа оқоваларидан холи – ўз оламида яшайди, ёзади, ўлади… Яна бир тоифа адиблар: Усмон Азим, Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Шавкат Раҳмон мисоли шахсияти, ҳам асарлари билан китобхонлар қалбини ром этади, миллат туйғуларини ёруғлик билан чулғайди… Уларнинг даргоҳида ёш шоир-ёзувчилар тўда бўлади, уларга қалблар талпинади (“қулуб” – “қалблар” сўзи бадиият сори локатордай тутилган қулоғи том битиб, борингки, фош этувчи журналистика билан чўзилган қошдан паст, кўздан баланд яратилган аъзо учун кулгили эшитилиши мумкин). Шубҳасиз, учинчи тоифа ҳам мавжуд бўлиб, ўртамиёнадан сал қуйи: феврал адоғида ағдарилмаган ер каби истеъдодини фисқу фасод билан сувлайди. На шахсияти ва на қалами билан бирор ишни ёлчитолмагач, мардларча тақдирга тан бериш қаёқда, ён-верида гуркираб ўсган, аллақачон ҳосилга кирган, меваларидан эл “бай-бай”, дея баҳраманд бўлаётган илдизи бақувват дарахтларга ҳасад билан чайқалиб қарайди.
Тоифаларнинг учтаси ҳақида баён этдим, уларнинг сони чекланмайди.
Баъзи мияшунос олимлар агар одам тез гапирса, мия фаолияти зуд ишлаётганидан дарак беради, деган хулосага кўпроқ таянади. Шубҳасиз, бу фикр ҳам аксиома эмас.
Наби Боқий деган қаламкаш табиатан тез гапиради. Балки мияси ҳам тез ишлар. Бироқ тезлик манзили қаерга йўналган? Гап шунда!
Ўз биродарларига, уни қўллаб-қувватлаб, далда бериб, у йўқ жойларда номини ёмонотлиққа чиқаришларига йўл қўймай, йиллар давомида дуч келганда бир дастурхон атрофида нон-туз еб юрган жўраларигами?! Қани мантиқ, қани тирикликдан мурод? Нега? Етмишга киргани боис кўнглига чанг солиб “муборакбод” этиш учунми? Абдулла Ориповнинг “ичингда икки тонна кўмир бор” мазмунидаги мўъжаз шеъри мўъжазлигича қолса дуруст эди.
Наби Боқий, аслида, мен учун бу тарзда – боқиёна ёзиш сиздан фарқли ўлароқ заррача завқ бермаса-да, завқсизликка жазм этдим. Қўлимни ичингиздан сачраётган қурумга уришга мажбурман! Қизиғи, сиз ҳақингизда билганларим, айтажакларимни мавриди келса ўзингизга батафсил айтаман… ҳозирча, ҳамма биладиган қирраларингиз ўқий қолинг.
Хўп, шуни ёзибсиз, Наби Боқий, нима ўзгарди? Нима бўлди? Бир-иккита ўзингизга ўхшаган бадиий вертикали лилипут, қалбан… (узр, яна “қалб”лаб кулгингизни қистаяпман!) қалбан квазимодо, мағзава тўкишга хайрихоҳ, адабиётнинг ўсмай қолган қўзисидай қўсқи, қўли эгри қаламкашлар ижтимоий тармоқларда маъқуллади сизни. Нима ўзгарди? Устозлар бадном бўлдими? Аксинча. Эл яна бир қур кимнинг кимлигини билди.
Ўсмирлик чоғидаёқ Абдулла Қаҳҳор хонадонида адабиёт ундай эмас, бундай бўлади, деб уни қойил қилиб, ўзлари ҳам бу кун етмишга кирган икки устознинг нима ёзганини эл яхши фаҳмлайди, ёд олган. Қолаверса, адабиётдаги география илк бор олмонлар эпақага келтириб чизган хариталарни эмас, қалбларнинг… (маъзур тутинг, яна…) қалбларнинг сарҳадларини ифодалайди. Элнинг адибу асарга нисбатан фикрини ўзгартиришни ҳеч замонда ғаламислик, ёлғон-яшиқ, бир ёқлама ичкирна “фактлар” билан уддалаб бўладими? Кулгили-ку. Ундан кўра Тоғай Муроднинг биргина “Мен” сарлавҳали шарҳи роҳичалик бадиият яратиб, ўша заҳоти вафот этиш обрўлироқ эмасми ёзувчи учун? Йигирма етти ёшида ўлган Акутагава ҳам ўзидан бир жавон асар қолдирмаган…
Ҳа, бир тузук ҳикоя ёзмаса, қисса ёзмаса, роман ёзмаса, чин қалбдан бировга “Оқ йўл” тилолмаса, борингки танқидни ҳам Қозоқбой Йўлдошдай ҳалоллай билмаса – бир умр кавла-кавла билан шуғулланса, у қандай ёзувчи бўлади?! Ўзингиз айтинг, Наби Боқий қандай ёзувчисиз? Қалбингизга қулоқ тутинг! Балки, бирор тангирлаган садо эшитилар…
Алибек Анварий
_______________
* Жадидлар ҳақидаги фош этувчи журналистик асари “Қатлнома” ёхуд Фахриддин Умаров ҳақидаги ҳаммуаллифликдаги “Мени ёд эт” китоби, яна тарихий ҳақиқатлар ортидан оғишмай амаллаб қувган тадқиқлари бу қаламкашнинг исмига ашяғчасига “жон”ни қўшиш учун арзирли эди менга. Рауф Парфининг машҳур бағишлов шеърларидан кейинги нашрларда айрим шахслар номининг “тушиб қолиши” ҳолатлари ҳам, зинҳор ноширлар бепарволиги эмас!