ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Қашқадарёда қишлоқ оралаб юрган айиқ отиб ўлдирилди

Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи A. Б. атрофга йиғилган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида овчи Д.A. га айиққа ўқ узишга кўрсатма берган.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги Яшнобод маҳалласи ҳудудига Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган қўнғир айиқ тушиб келгани ҳақида хабар берилган эди.

Кеча, 5-апрел куни тахминан соат 23:00 ларда айиқ Қумдарёга яқин жойдаги жарликда ҳосил бўлган ғор ичига кириб олган.

Бироздан сўнг бу ерда маҳаллий аҳоли тўпланган. Маҳаллий ҳокимлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўз вақтида тегишли чора-тадбирлар кўрилмагани боис айиқ безовталаниб, жарликдан тепага чиқишга уринган. Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи A. Б. атрофга йиғилган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида овчи Д.A. га айиққа ўқ узишга кўрсатма берган. Натижада айиқнинг жони узилган.

Тошкент ҳайвонот боғи вакиллари ҳодиса жойига етиб борганида айиқ нобуд бўлган эди.

Табиат ресурслари вазирлигининг ёзишича, мазкур ҳолат ўрганилиши давом этмоқда. Масъулиятсизликка йўл қўйган ва бунинг оқибатида қўнғир айиқнинг ўлимига сабаб бўлган масъулларга нисбатан тегишли тартибда интизомий жазо чоралари кўрилади.

Таъкидлаш жоизки, айиқнинг териси шилиб олингани ҳақидаги фото ва хабар ҳақиқатга зид. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратнинг Чироқчи туманидаги воқеага алоқаси йўқ. Aйни дамда ушбу ҳолат юзасидан ҳам ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan