ДУНЁ

Британияда Хитой билан муносабатлар қайта кўриб чиқиладими?

Британия парламентининг бир қатор аъзолари ва оддий фуқаролар ҳукуматдан коронавирус устидан ғалаба қозонилгач эпидемия бошлангандан кейин нотўғри ахборот етказганлиги учун Хитой билан муносабатларни қайта кўриб чиқишни сўрамоқда. Ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, Буюк Британия фуқароларининг 55 фоизи пандемия учун масъулиятни Хитойнинг бўйнига қўйган. Уларнинг назарида  ўз  ҳудудида касалликни  жиловлашга эришган бу давлат ҳукумати касаллик ёйилиши ҳақидаги маълумотларни сир тутган, деб ёзади Daili Express газетаси.

Нашрнинг қайд этишича,  ўтган йилнинг декабрида илк касалликка юқтириш ҳолати аникланганда Хитойнинг ўзини қандай тутгани ҳам ўқувчиларни ғазабга солган. “Кимки эътиборсизлик қилиб, кулфатга тушган бўлса, унинг ўзи айбдордир, бироқ барибир энг биринчи айб Хитойга тегишли” – дейди нашр ўқувчиларидан бири.

“Вирус Хитойда бошланди ва у қурби етгунча буни бекитиб турди. Юртига кирадиган авиақатновларни бекор қилди, бироқ ташқи авиақатнов давом этаверди. Бу вақтда вирус Европа, АҚШ ва бошқа мамлакатларга келди.”- дейди бошқа бир ўқувчи.

Бундан ташқари, Британия ҳукуматидан Хитой билан савдо-сотиқ алоқаларини тўхтатиш сўралган фикрлар ҳам янграган.

Daily Express нинг таъкидича, бунга ҳамоҳанг парламент аъзолари тарафидан ҳам муносабат билдирилмоқда. Мамлакатнинг жамоатчилар палатаси ташқи ишлар бўйича қўмитаси раиси Том Гугенхатнинг айтишича, коронавирус юқиши бошланиши пайтида Хитой ҳукуматининг қилган иши минглаб британияликлар ўлимига сабаб бўлди. Гугенхатнинг сўзлашича, Британия ҳукумати Хитой тақдим этган маълумотларга таянган, у эса барчани йўлдан чалғитган  ахборот бўлиб чиқди.

“Хитойнинг ёлғони британияликлар ҳаётига зомин  бўлди. Энди эса Британия Хитой билан муносабатни тубдан қайта кўриб чиқиши керак” – дейди сиёсатчи.

Ланкастер герцоглиги  канцлери Британия собиқ адлия вазири Майкл Гоуэ ҳам Пекинни маълумотларни яширганликда айблади: “Биринчи ҳолат Хитойда ўтган йилнинг декабрида бўлган, бироқ вирус тарқалиши кўлами, табиати ва юқиш даражаси ҳақида хеч қандай маълумот ва хабар айтилмаган”-дея Гоуэнинг сўзларини келтиради нашр.

Британиялик бошқа бир парламент аъзоси Иэн Дункан Смитнинг айтишича, Пекиннинг хатти-ҳаракати Британия ва  қолган мамлакатларни пандемияга тайёрлашга йўл қўймаган.

“Жудаям узоқ вақт мамлакатлар савдо битимига эришиш умидида Хитойга унинг қаршисида  бўйин қисиб, тавозе  қилиб туришди. Лекин, бу  даҳшатли пандемияни бир ёқли қилганимиздан сўнг  мазкур муносабатларни қайта тўлиқ англаб етишимиз, уни ҳаққоний ва мувозанатли қилишимиз зарур.”- дейди сиёсатчи.