ДУНЁ

Португалия бош вазири: Биз Украинанинг Европа Иттифоқига аъзолиги ҳақида баҳслашишимиз эмас, балки унга ёрдам беришимиз керак

Европа Иттифоқи Украинага аъзоликка номзод мақомини бериш ёки бермаслик тўғрисида ҳуқуқий баҳсларга киришиш ўрнига эътиборини зудлик билан бу давлатга ёрдам беришга қаратиши керак, деган фикрдаман, Дейди Португалия бош вазири Антониу Кошта ўзининг Financial Times газетасига берган интервьюсида.

Бош вазирнинг фикрича, Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақомини олиш кўп йиллар давом этадиган Иттифоққа қўшилиш жараёнининг бошланиши холос. Бу нарса Украинанинг долзарб муаммоларини ҳал қилишга ҳеч қандай ёрдам бермайди, аксинча, у мамлакат учун ёлғон умидларни келтириб чиқарувчи хувфларни вужудга келтириши мумкин. Шунингдек, сиёсатчи Европа Иттифоқи мазкур масала бўйича фақатгина ички келишмовчиликларни намойиш қилиши ва бу Россия президенти Владимир Путиннинг манфаати учун фойдали бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканини таъкидлади.

Антониу Кошта Европа Иттифоқига аъзолик йўлини Украина суверенитетининг кафолати ва мамлакатни қайта тиклаш жараёни учун ташланадиган лангар сифатида кўраётган президент Владимир Зеленскийнинг илтимосларига қарамай, Иттифоққа аъзо мамлакатларнинг баъзиларида Киевга аъзоликка номзод мақомини бериш бўйича аниқ бир қарор йўқ эканини айтмоқда, деб ёзади Financial Times нашри. Европа Иттифоқи етакчилари 23-24 июнь кунлари Брюссель шаҳрида бўлиб ўтадиган саммитда мазкур масала бўйича якуний қарорни қабул қилиши керак.

Коштанинг фикрига кўра, барчанинг олдида турган асосий вазифа Украина ва унинг халқига соя солиб турган хавфни бартараф этишдир. Мамлакатга аъзоликка номзод мақоми берилган тақдирда ҳам ҳозирда мавжуд бўлган жиддий муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди.

«Менинг мақсадим — Европа Кенгашининг навбатдаги йиғилишида Украинани фавқулодда қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ мажбуриятларни қабул қилишга эришиш ҳамда мамлакатнинг тикланишига кўмак бериш учун узоқ муддатли платформани яратиш. Бу менинг устувор вазифам, мен учун энг муҳими шу. Асосий мақсадим, Украина ҳақидаги ҳуқуқий баҳсларга киришиш эмас, балки унга ёрдам бериш учун амалий қадамларни ташлашдир», — дейди Португалия бош вазири Антониу Кошта Financial Times нашрига берган интервьюсида.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan