ЖАМИЯТ

ДХА: Муаммо борми, бизга мурожаат қилинг!

Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси маълумотларида келтирилишича, уларга жорий йилнинг биринчи чорагида жами 176 та мурожаат келиб тушган ва аксарият фуқаролар талаби қондирилган.

Мурожаатлар хусусиятига кўра таҳлил қилинганда, 176 та мурожаатдан 158 таси Давлат хизматларига оид 18 таси ДХМга тааллуқли бўлмаган мурожаатларни ташкил этади. 91 нафар  ота-оналар фарзандларини МТТларга жойлаштиришни ва бу борадаги қонун бузилиш ҳолатларига чек қўйишни сўраб мурожаат қилишган.

Масалан, Термиз шаҳри, “Жўйжангал” маҳалласида истиқомат қилувчи Х. Г. 13 март куни тўрт нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, турмуш ўртоғи 2-гуруҳ ногирони эканлиги, боғчага навбатга қўйган бўлсада, ўз вақтида унга хабар қилинмаётганлиги, навбати ортга сурилиб келинаётганлигидан норози бўлиб шикоят қилган. Х.Г.нинг  фарзанди, бошқарма ходимларининг бевосита аралашуви билан қисқа фурсатда Термиз шаҳридаги 12 сонли МТТга жойлаштирилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 3 март санасида Шўрчи тумани яшовчи фуқаро Х.М. Вазирлар Маҳкамасининг 21.06.2018 йилдаги 461-сонли қарори талаблари асосида ўзи яшаб турган уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида мурожаат қилган бўлсада, бир йилдан буён муаммоси ҳал бўлмаётганлигидан норози бўлиб ёзган шикояти, кўриб чиқилди.  Фуқарога туман ҳокимининг “Уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисида”ги қарори топширилди.

Бундан ташқари, шу йилнинг ўтган даври мобайнида бошқарма бошлиғининг сайёр қабулига келиб тушган 36 та  мурожаатнинг 24 таси жойида ижобий ҳал этилиб, қолганлари тегишлилиги бўйича бошқа идораларга ижро этиш учун йўналтирилиб ижроси таъминланган.

Ангор туманининг “Новшаҳар” маҳалласида ўтказилган навбатдаги сайёр қабулда туманнинг “Чинобод” маҳалласида истиқомат қилувчи Т.Б. ҳужжатларини жамғариб бориладиган пенсия тизимига киритишни сўраб мурожаат қилганда, унинг иши бунчалар осон ва қулай ечим топишини кутмаган экан. Шу куннинг ўзида Ангор туман ДХМ томонидан кўрсатилган тезкор хизматдан фуқаро Т.Б. кўнгли тўлганлигини айтиб, ҳамкасбларимизга ўзининг самимий ташаккурларини изҳор қилди. Бунга ўхшаган мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин.

Қадрли юртдошлар, бизга мурожаат қилинг, зиммамиздаги вазифаларни ҳар қачонгиданда масъулият билан давом эттирамиз.

Акмал Бабаяров,

Давлат хизматлари агентлиги

Сурхондарё вилоят бошқармаси

Ташкилий тахлил бўлими бошлиғи