ИЛМ-ФАН

Альберт Эйнштейн. Чексизликни кулги билан тушунтирган мутафаккир

Альберт Эйнштейн назарий физика асосчиси сифатида яратган илмий ишлари билан машҳурлик қозонган. Унинг энг ёрқин изланишларидан бири умумий ва махсус нисбийлик назариясидир.  Мазкур олим ва файласуфнинг  ҳиссасида  600 дан ортиқ илмий ишлар мавжуд. 1921 йилда А.Эйнштейн физика соҳасида Нобель мукофотига сазовор бўлди. У ўзига мансуб нисбийлик назарияси ҳақида ҳазиломуз тушунтирган: “Агар олов устига бир дақиқа  қўлни қўйиб турилса бир соатдек,  севган қиз билан бир соатлик учрашув эса бир дақиқадек туюлади.” Яъни вақт ҳар хил шароитда турлича ўтади.

Бошқа ишлари хусусида ҳам ажобтовур сўзлаган. Масалан, барчанинг имони комилки, бирон аниқ нарсани бирор “овсар” топилмагунча уддалаб бўлмайди, чунки кўпчиликнинг фикри ўзига маълуммаслиги учун ҳам у шуни қила олади. Альберт Эйнштейн нисбийлик назариясини мутлақо  тасодифан кашф қилганини айтган. Кунларнинг бирида бошқа автомобилга нисбатан бир хил йўналиш ва тезликда ҳаракатланаётган автомобилни  кузатиб, у аслида ҳаракатланмайди деган тўхтамга келган.Бу икки автомобиль Ер ва бошқа объектларга нисбатан  юрганда  бир-бирига нисбатан тинч ҳолатда бўлади.

Альберт Эйнштейн 1879 йилнинг 14 мартида чоғроққина Улм деган немис шаҳрида туғилган.Болалиги Мьюнхенда ўтган.Альбертнинг отаси тадбиркор, онаси уй бекаси бўлган. Бўлажак олим жудаям нимжон , боши жуда катта туғилган. Ота-онаси унинг яшаб кета олмаслигидан хавотирга тушган. Лекин у омон қолади ва ёш сайин ўсиб боради, атрофга қизиқиш доираси ҳам кенгайгандан кенгаяди. У тутганини қўлдан қўйвормайдиган, қайсар феълли бола бўлган.

Эйнштейнга гимназияда ўқиш зерикарли туюлган. Бўш вақтларида у илмий-оммабоп китоблар ўқирди. Ўша даврда, айниқса, астрономия унда катта қизиқиш уйғотган. Гимназияни тугатгач, у Цюрихга кетиб, бу ердаги политехника мактабига ўқишга киради. Уни тамомлагандан сўнг физика ва математика ўқитувчиси ихтисослиги бўйича диплом олади. Афсуски, икки йил давомида иш қидириб қилган уринишлари зое кетади. Бу давр унинг учун жуда оғир кечган, муттасил очлик туфайли жигарида касаллик пайдо бўлган, бундан у умрининг охиригача азоб чеккан. Лекин шундай машаққатлар ҳам унинг физикага қизишини сўндира олмаган.

1902 йили кичик техник эксперт ходим сифатида озгина маош эвазига Берндаги патентлар бюросига ишга жойлашади.1905 йилга келиб у бешта илмий иш муаллифи саналади. 1909 йили Цюрих университетининг назарий физика бўйича профессори бўлиб етишади. 1911 йили Прага университети , 1914 йилдан 1933 йилгача Берлин университети профессори сифатида фаолият юритади.

У ўзининг нисбийлик назарияси устида ўн йил ишлайди ва 1916 йилда уни тугатади. 1919 йили қуёш тутилиши юз беради. Бу ҳодисани Лондондаги қироллик жамияти олимлари кузатишади ва айнан улар Эйнштейннинг эҳтимолда бўлган нисбийлик назарияси тўғрилигини тасдиқлашади.

1933 йили Германия ҳукумати тепасига нацистлар келади.Барча илмий ишлар ва бошқа асарлар ўтда куйдирилади. Эйнштейнлар оиласи АҚШга мажбурликдан муҳожирликка йўл олади. 1940 йили у немис фуқаролигидан воз кечади ва расмий тарзда Америка фуқаролигини қабул қилади. Умрининг сўнгги йилларида у Принстонда яшайди, илмий фаолиятдан бўшайди пайтларида скрипка чалган, кўл бўйлаб қайиқда сайр қилади.

Альберт Эйнштейн 1955 йилнинг 18 апрелида вафот этади. Ўлимидан сўнг миясини даҳолик намунасига ўрганиб кўришади ва ғайритабиий ҳеч нима топа олишмайди.