ИЛМ-ФАН

Искандар Зулқарнайн ўлими сабаблари янгитдан очилди.

Замонавий тиббиёт намоёндалари  қадимги дунё буюк саркардаси ўлими сабабини,  ҳаттоки уни тириклайин дафн этишга олиб келган касаллик номини айтишди. Афсонавий шахсга ташхисни Отаго университетидан шифокор Кэтрин Холл Холл қўйди, унинг тадқиқотларини батафсил  Daily Mail газетаси ёритди. Александр Македонский (Искандар Зулқарнайн), у Буюк Александр – Македония подшоҳи, бир вақтнинг ўзида шавкатли  лашкарбоши ҳам бўлган, Ер юзининг деярли ярмига яқин ҳудудини эгаллаган. У Бобилда эрамизгача бўлган 323 йилнинг 10 июнь кунида 32 ёшида тўсатдан оламдан ўтган. Шоҳнинг жасадини гўёки сеҳр-мўъжиза қўриқлаб турган,  негаки унинг танаси дафнгача  совумасдан, бузилмасдан, қандай бўлса шундай ҳолда қолган. Бу ҳақда қадимги юнон файласуфи, ёзувчиси Плутарх гувоҳлик берган, айнан мазкур адиб “Таққослаш учун ҳаётлар” асарида кўплаб атоқли Юнон Ва Рим сиёсий арбоблари ҳақида етарли маълумотларни келтирган. Кэтрин Холлнинг айтишича, аслида ҳеч қандай мўъжиза рўй бермаган. У қўйган ташхисга кўра, саркарда жуда кам учрайдиган асаб касаллигидан вафот этган, бетоблик таъсирида бемор фалажланиб қолиши мумкин ва Александрда худди шу ҳол юз берган. Ҳаракатдан тўхтаган  вужудни ўлган деб ҳисоблашган, аслида эса у тирик бўлган. Афтидан саркардани тириклайин лаҳадга қуйган бўлишлари эҳтимоли ҳам мавжуд. Айнан қайси касалликдан Александр Македонский вафот этгани ҳақида аниқ тарихий далиллар йўқ. Бироқ фаразларга келганда, мана икки минг йилдан уларнинг сони кўпайгандан кўпаймоқда. Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, шоҳни ўлдиришган. Уни заҳарлашган, ҳатто бехос, билмасдан бу ишни қилиб қўйишган. Баъзи фаразларга кўра эса, у май ичишни жуда хуш кўрган, кунларнинг бирида шу қадар кўп ичганки, ўткир сармастлик панкреатитига учраб, ётиб қолган.Тиббиёт мутахассислари олға сурган тахминлар ичида Ғарбий Нил безгаги ва терламаси, шистосомоз, саратон, лейшманиоз, ҳатто грипп ва ўпка шамоллаши ташхислари бор.   Гийена-Барре синдроми. Александр Македонскийга Кэтрин Холл худди шу ташхисни қўймоқда. Бу касалликда асаб толалари дарз кетади ва беморда умумий фалажланиш ҳолати кучаяди. Касаллик мобайнида   Campylobacter pylori микроблари чақирган бактериал инфекциядан оғриш ҳам кузатилади. Улар таъсирида ингичка ичакда оғриқ уйғонади. Шоҳ эса айнан қорнидаги кучли безовталикдан шикоят қилган. Буткул фалажланган Александр сўнгда ҳушидан айрилади,бир сўз қотмайди, қимирламайди.Ҳеч нимага ҳиссиз, нафас олиши ўлганники каби фарқсиз бўлган ва уни ўлди деб ўйлашган. Жазирама эса-да, танаси бузилмаганидан, Македонскийни илоҳийлаштира бошлашган. “Ҳамма вақт унинг жасади тоза ва яп-янги эди”,- дея ҳайратланган Плутарх. Кэтрин Холл эса ўз тадқиқотларига таяниб буни тушунтириб берди. Бироқ, унинг гапларини ва бошқа фаразларни таҳлиллар ёрдамида  тўлиқ исботлашнинг, афсуски,  имкони йўқ, Зотан Александр Македонскийнинг қабри ҳанузгача топилмаган.