Ҳарбий оила бекаларини сабр ва қаноат маликалари десак, арзийди. Чунки ҳарбий хизматчиларимиз қайси гўшада хизматда бўлмасин, уларнинг умр йўлдоши захматли хизматларида елкадош, синовли кунларида суянчиқ.

Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Хайраобод ва Какайди гарнизонларида жойлашган ҳарбий қисмларда “Мен намунали ҳарбий оила бекасиман!” шиори остида “Балли, аёллар!” кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Кўрик-танловда ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар оилалари иштирок этди.
Бекалар тўрт йўналишда: “Мен намунали ҳарбий оила бекасиман”, “Игнадан ип ўтмаса”, “Баҳру байт” ҳамда “Биз Тўмарис издошларимиз” шартлари бўйича ўзаро беллашдилар. Уларнинг ҳар бир чиқишини ҳайъат аъзолари одилона баҳолаб борди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бир-биридан билимдон ва иқтидорли қатнашувчиларга муносиб баҳо бериш учун ҳайъат аъзолари анчагина тер тўкишига тўғри келди. Бироқ беллашув ўз номи билан беллашув ва танлов ўз қаҳрамонларини кашф этмоғи шарт.
Ғолиблар аниқланди. Барча беллашув иштирокчиларига гарнизонлар бошлиқлари томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.