Жанубда “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида навбатдаги ҳарбий-ватанпарварлик тадбири ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан республиканинг барча жабҳаларида ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари кўтаринки кайфиятда ўтказиб келинмоқда.

Ана шундай ҳарбий-ватанпарварлик тадбири Сурхондарё вилоятининг энг олис ҳудудларидан бири бўлган Сариосиё туманининг «Галабута» маҳалласида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтказилди.

Ушбу байрам тадбирларида ҳарбий хизматчилар аҳолига хушкайфият улашиш, энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – мустақиллик шукуҳини халқимиз орасида кенг тарғиб этиш ишларида жонбозлик кўрсатмоқда.

Байрам тадбирида ҳарбий оркест, фахрий қоровул чиқишлари барчада бирдек таассурот қолдирди. Ватан тинчлигини асраш, унинг ҳар қарич ерини кўз қорачиғидек ҳимоя қилиш каби эзгу ғояларни ўзида мужассам этган филм намойиши эса ёшу қарини бирдек тўлқинлантирди. Шу ернинг ўзида ташкил этилган спорт мусобақалари ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтказилаётган ҳарбий-ватанпарварлик байрам тадбирлари режага асосан вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам ўтказилиб келинмоқда.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ,
Термиз гарнизони.