
Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз ва Хайраобод гарнизонларидаги ҳарбий қисмларда ёшлар учун “Миллий армиямиз – ёшлар нигоҳида!” шиори остида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.

Тадбир эртамиз эгаларини ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ватанга муҳаббати ва садоқатини мустаҳкамлаш, Ватанимиз тарихи, унинг мустақиллиги йўлида жон фидо этган ҳамюртларимиз жасорати билан таништириш ҳамда улар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш мақсадида ташкил этилди.

Лойиҳа иштирокчилари дастлаб миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар ва қўлга киритилаётган ютуқлари билан танишиб, олий ҳарбий таълим муассасалари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишди.

Сўнгра келажак авлодни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилишга чорловчи, мард ва жасур боболаримиз қаҳрамонликлари хусусида сўзлайдиган ҳарбий қисмларнинг тарих музейи билан таништирилди.
Якунда ёшлар учун ташкил этилган ҳарбий техника ва аслаҳалар намойиши эртамиз эгаларига чин маънода кўтаринки кайфият улашиш билан бирга ҳарбийлик касбига бўлган қизиқишини янада ошишига хизмат қилди.
III даражали сержант Акбар АҲМEДОВ, Термиз гарнизони.