ХАБАРЛАР

Қўйлиқ деҳқон бозори кўчирилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозорида (халқ тилида Қўйлиқ бозори) реконструкция ишлари бошланишини маълум қилди. Бозордаги тадбиркорлар “Food city”, “Tashkent Index” ва бошқа савдо мажмуаларига кўчирилади.

Бунда, тадбиркорлар мулкларини кўчириш билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар (транспорт, юклаш, тушириш ва бошқалар) бепул амалга оширилади ҳамда савдо мажмуаларидаги дўконлар учун ижара тўловларидан 3 ой муддатга озод қилинади.

Шунингдек, “Қўйлиқ” массивидан бозор ҳудудигача йўл кира хаққи олинмайдиган 10 та автобус йўналишга қўйилиб, жамоат транспорти учун шоҳ бекат ташкил қилинган ва шаҳарнинг барча йўналишларга чиқиш имкони яратилган.

Бозорда фаолият юритаётган 144 нафар ишчи-ходим “Food city” ва “Tashkent Index” савдо мажмуаларида иш билан таъминланади.

“Бозорга олиб келинаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай, атрофидаги ҳудудларда, шу жумладан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо амалга оширилаётганлиги ҳамда бозор ҳудудига кунига 600 дан ортиқ юк машиналари кириб-чиқиши автомобил йўлларининг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар яратмоқда”, дейилади ҳокимлик хабарида.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan