
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ижтимоий соҳа объектларини ўрганиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиалига ташриф буюрди. Вилоят раҳбари бу ердаги мавжуд ҳолат, беморлар ва уларнинг яқинлари учун яратилган шароитлар билан танишди. Шифохонадаги мавжуд кутиш жойларида ўриндиқлар етарли эмаслиги танқид қилиниб, масъулларга бир кун муддатда зарурий шароитлар яратиш вазифаси қўйилди.

Шундан сўнг вилоят ҳокими филиалнинг аҳоли мурожаатларини қабул қилувчи “Call center” фаолияти билан танишди. Бу ерда тунги навбатчиликни ўтаётган 22 нафар диспетчер мурожаатларни қоғоз бланкаларда қайд этаётганлиги вилоят ҳокимининг эътирозига сабаб бўлди. Ҳозирги замонавий ахборот технологиялари ривожланган бир вақтда бундай эскича услубда ишлаш, аҳолига кўрсатилаётган шошилинч тиббий хизматнинг сифатини тушириши таъкидланди.

Мурожаатларни қабул қилишни рақамлаштириш ва ортиқча қоғозбозликдан воз кечиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига қўшимча 200 та планшет ва “Call center”ни сервер тизими билан таъминлаш ҳамда тўлиқ маълумотлар базасини яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Кейинги манзил вилоят Кўп тармоқли марказий шифохонаси бўлди. У ерда ҳам яратилган шарт-шароитлар билан танишилди. Вилоят раҳбари ушбу касалхонанинг таъмирталаб ҳолга келганлиги танқид қилиб, бу ерда қисқа муддатда таъмирлаш ишларини бошлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.