
Ҳиндистон 2024 йилнинг учинчи чорагида орбитага “Vyommitra” номли одамсимон роботни жўнатмоқчи. Бу ҳақда Ҳиндистон Фан ва технологиялар вазири Житендра Сингх сўзларига таяниб, ТАСС нашри маълум қилди.
«Vyommitra учувчисиз миссияси жорий йилнинг учинчи чорагига режалаштирилган, кема астронавти космик муҳитда инсон функцияларига тақлид қилиш ва ҳаётни таъминлаш тизимлари билан ўзаро алоқа учун мўлжалланган», дейди вазир.
Унинг сўзларига кўра, робот орбитал модуль параметрларини кузатиши, кеманинг олтита панелини бошқариши ва парвоз бошқариш марказининг саволларига жавоб бериши мумкин.
Қайд этилишича, роботнинг номи санскрит тилидаги иккита сўздан олинган бўлиб, «vyom”– космос ва «mitra”– дўст деган маъноларни англатади. Фазогир робот аёл қиёфасида бўлиб, бир нечта тиллардаги саволларга бемалол жавоб қайтара олади. Шу жумладан, кеманинг техник ҳолатига оид маълумотлар ҳам киритилган.
Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ICRO) раҳбари Шридхара Паникер Сомнатх Республика 2025 йил охиригача экипаж билан биринчи космик кемани орбитага чиқаришни айтмоқда.
2018 йил август ойида мамлакат Британия мустамлакачилигидан озод бўлганининг 75 йиллиги муносабати билан Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ҳиндистоннинг ўғли ёки қизи 2022 йилга келиб Ҳиндистон миллий байроғини космосга олиб чиқишини эълон қилганди. Лойиҳанинг номи «Гаганян» – санскритча «самовий кема» деган маънони англатади. Бироқ, 2020 йилнинг март ойида бошланган COVID-19 пандемияси туфайли ушбу лойиҳа устида ишлаш тўхтатилганди.
Ушбу миссия муваффақиятли амалга оширилгандан кейин орбитага таркибида аёл киши мавжуд бўлган экипаж учирилиши режалаштирилган. Эҳтимол, шунинг учун Ҳиндистон космик агентлиги космосга биринчи бўлиб чиқадиган одамсимон роботни аёл кўринишида ясашга қарор қилди. Шундай бўлса-да, ҳозиргача фақат тўрт киши Ҳиндистоннинг биринчи космик миссияси учун асосий номзод сифатида танланган. Космонавтларнинг исм-шарифлари ҳали эълон қилинмаган, бироқ уларнинг барчаси собиқ ҳарбий ҳаво кучлари учувчилари экани маълум. Номзодлар Россиядаги Ю.А. Гагарин номидаги Космонавтлар тайёрлаш марказида ўқиган мутахассислардир.