ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Ижтимоий тармоқ фаоли Эмине-Лемара Мирзааҳмедова 7 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди

Тошкент вилоятида ижтимоий тармоқ фаоли Эмине-Лемара Мирзааҳмедова ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Эмине-Лемара Мирзааҳмедова 7,6 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Олий суднинг хабар беришича, Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг 2023 йил 12 октябрдаги ҳукмига мувофиқ Лемара Мирзааҳмедова (1976 йилда Тошкент вилоятида туғилган, оилали, 2 нафар фарзанди бор, блогер, муқаддам судланмаган) Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддаси (айблов ҳукми чиқариш асослари) 3-қисми 2-бандига асосан жавобгарликдан озод қилинди. Шунингдек, Мирзааҳмедова Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 2-қисми ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланиб, 59- (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61- (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Мирзааҳмедова ва унинг ҳимоячилари томонидан аппеляция тартибида берилган шикоятлар кўриб чиқилиб, Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аппеляция инстанциясининг 2023 йил 13 декабрдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз ва шикоятлар қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan