TA'LIM

«Янги Ўзбекистон — инсон ҳуқуқлари» умуммиллий дарслари ўтказилди

Янги Ўзбекистонда инсон манфаатларига, унинг ҳуқуқ ва асосий эркинликларига олий қадрият сифатида қарай бошланганди. Бунга давлатимизнинг 1991 йил 30 сентябрида «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси»га аъзо бўлишининг ўзиёқ яққол мисол бўла олади.

Бугунги таҳликали замонда инсон ҳуқуқлари масаласи энг долзарб масалалардан бирига айланиб бораётганлиги ва шу ўринда Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, аёллар, болалар ва ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини алоҳида эътироф этиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги фармони иловаси билан тасдиқланган «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури» 17-бандида «10 декабрь — Халқаро инсон ҳуқуқлари» куни муносабати билан олий таълим муассасаларида «Янги Ўзбекистон — инсон ҳуқуқлари» умуммиллий дарсларини ўтказиш белгилаб берилган эди.

Шунга мувофиқ, Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари томонидан олийгоҳ ҳамда мактабларда талабалар, ўқувчиларга инсон ҳуқуқларига оид меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кенг тушунчалар берилиб, уларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

Талаба-ёшларга ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият тушунчаларининг мазмун-моҳияти, шахсда уларни шакллантириш, усул ҳамда воситалари, ижтимоий ҳаётда ҳуқуқий тарбиянинг вазифалари, бу борада учраётган муаммолар, уларни бартараф этиш йўллари ҳақида маърузалар қилинди.

Дарсларда асосий эътибор инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, масъулият ва бурчлари, мажбуриятларига қаратилди. 1948 йил 10 декабрда инсон ҳуқуқларининг кафолати бўйича қабул қилинган муқаддима ва 30 моддадан иборат бўлган муҳим ҳужжат — Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди.

Ҳар бир дарс интерактив усуллардан фойдаланилган ҳолда, савол-жавобларга бой тарзда ўтилгани мавзуларнинг ўзлаштирилишига имкон берди.

ТерДУ матбуот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan