TA'LIM

Болалар бахтли келажагимиз гарови!

Дарҳақиқат, барча жабҳаларда ривожланиш, юксалишлар бўлаётган бир пайтда, мактабгача таълим соҳасида ҳам ўзгаришлар, янгиликларга мослашиш ва уни тадбиқ этиш жараёни жадаллик билан олиб борилмоқда. Болаларга ғамхўрлик қилиш, уларни асраб авайлаш, етук ва баркамол қилиб тарбиялаш бугунги кундаги барчамизнинг бурчимиз десак, асло муболаға бўлмайди.

Мамлакатимизда охирги йилларда мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал ривожланиши, жисмоний соғлом ва маънан етук фарзандлар сифатида тарбиялаш устувор вазифалардан бири сифатида катта эътибор қаратиб келинаётган соҳалардан бири саналади. Айтиш жоизки, келажагимиз бўлган болалар учун яхши шароитлар яратиш, уларни асраб авайлаш, дунёқарашини кенгайтириш, билимларини ошириб бориш замон талабидир.  Мазкур жараёнларга эса давлатимизга кўмакчи сифатида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам елкама-елка туриб, оз бўлсада ўз ҳиссасини қўшиб келаётганлиги диққатга сазовордир.

Айни шу вазифалар натижаси ўлароқ, 27 феврал куни Термиз шаҳрида “Меҳрибонлик корпуси” (“Mercy corps”) халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурида Мактабгача таълим агентлиги ва Сурхондарё вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан ҳамкорликда Америка Қўшма Штатларининг қишлоқ хўжалиги департаменти (USDA) томонидан молиялаштирилган “Болалар таълими учун МакГоверн-Доул халқаро озиқ – овқат дастури” доирасида “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимида болаларнинг илк ёшидан саводхонлик, рационал овқатланиш, гигиена ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришда компетенциявий ёндашувни жорий этиш” бўйича мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари учун 5-кунлик тренинг ўз ишини бошлади.

Тренингдан кўзланган асосий мақсад – мактабгача ёшдаги болаларнинг нутқ, мулоқот, ўқиш ва ёзиш малакаларини ривожлантириш замонавий педагогик технологияларни, болаларнинг рационал овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларни ривожлантириш,  кутилмаган ходисалар ёҳуд кўнгилсизликлар содир бўлганда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича педагогларнинг амалий ва назарий билимларини оширишдан иборат.

5 кунга мўлжалланган тадбирда Жарқўрғон туманидаги 15 та мактабгача таълим ташкилотларидан 45 нафар педагоглар малакалари оширишмоқда.

Тадбирнинг биринчи кунида иштирокчиларнинг фавқулотда вазиятларда ёҳуд кутилмаган холатлар содир бўлгандаги тез тиббий ёрдам (103) вакилларининг етиб келгунига қадар амалга ошириладиган ишлари назарий тушунтирилиб, амалий машғулотлар орқали мустаҳкамлаб борилди.

Хусусан, мутахассислар томонидан, биринчи ёрдам кўрсатишнинг асосий мақсад ва вазифалари, юрак ва нафас олиш тизимидаги интервенциялар, куйишлар, тананинг барча қисмларидаги жароҳатлар, ички ва ташқи қон кетишлар, заҳарли хашаротлар ва илон чаққанда ҳамда заҳарланишдаги биринчи ёрдам кўрсатилиш қоидалари бўйича амалий машғулотлар асосида батафсил тушунтириб ўтилди.

Тадбирнинг кейинги кунларида мактабгача ёшдаги бўлган болаларнинг нутқ, мулоқот, ўқиш ва ёзиш малакаларини ривожлантириш, болаларнинг тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини ошириш, бола шахсига йўналтирилган дифференциал ёндашув асосида таълим-тарбия бериш бўйича педагогларнинг назарий ва амалий компетенцияларини оширишга қаратилди.

Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотлари педагогларнинг самарали иш олиб боришлари учун “Илк қадам” ўқув дастурига мувофиқ болаларни ўқитиш бўйича мактабгача ёшидаги болаларнинг илк ёшидан саводхонлигини ривожлантириш методикалари, тўғри ва рационал овқатланиш ва болаларнинг соғлиғини таъминлаш бўйича билимлар ҳам берилди.

Тадбир инновацион ёндошувлар, қизиқарли топшириқлар ҳамда савол жавобларга бой тарзда бўлиб ўтмоқда.

Тадбир 3 мартга қадар давом этиб, дастур доирасида иккинчи тренинг жорий йилнинг 13-17 март кунлари Шўрчи ва Қумқўрғон туманидаги 15 та мактабгача таълим ташкилотларининг 45 нафар педагоглари учун ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan