СПОРТ

Жанубда спортнинг мотокрос тури бўйича Ўзбекистон Чемпионати ва Биринчилиги I-босқичи ўтказилди

Жарқўрғон туманидаги “Қизилмозор” мотосўқмоғида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги, вилоятдаги куч тузулмалар, туман ҳокимлиги ҳамкорлигида, спортнинг “Мотокросс” тури бўйича Ўзбекистон Чемпионати ва Биринчилиги I-босқичи ҳамда Меҳнат қаҳрамони Норали Боймуродов хотирасига бағишланган мусобақа бўлиб ўтди.

Ушбу мусобақада Козогистон республикаси ҳамда Россия федерациясидан хам спортчилар ҳам иштирок этишди. Мусобақани 10 мингдан ошиқ Республикамизнинг барча вилоятларидан қолаверса қўшни давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар томошабин сифатида кузатиб бордилар.

Икки кун давом этган беллашувнинг илк кунида 18 ёшгача бўлган 35 нафар спортчи ёшлар 65, 85, 125 см3 ҳажмли мотоциклларда ўз маҳоратини намойиш этди.

Ўзбекистон Чемпионати ва биринчилиги мусобақасининг очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокимилиги, “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий ва вилоят кенгашлари ҳамда Жанубий оператив қўмондонлиги раҳбарлари сўз олиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда спортнинг барча турларини оммавийлаштиришга қаратилаётган эътибор жисмонан соғлом ёш авлодни камол топтириб, уларнинг Ватанга муҳаббат, аждодлар жасоратига ҳурмат руҳини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Мотосўқмоқда бошланган Ўзбекистон Чемпионати ва Биринчилиги мусобақаларида 18 ёшдан катта бўлган 75 дан ортиқ спортчи 125 (катталар), 350, 500, 750 см3 ҳажмли мотоциклларда ўз кучи ва техникаларини бошқариш санъатини синовдан ўтказиб, томошабинларга ўзгача завқ бағишлади.

Қизғин бахсларга бой бўлган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 9 ёшдан 18 ёшгача бўлган ёшлар ҳамда 18 ёшдан катталар қатнашди.

Байрамона ўтган беллашув доирасида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи Жанубий оператив қўмондонлиги замонавий янги ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳалар кўргазмасини ташкил этди.

Вилоят спорт ва туризм бошқармаси спортнинг “Стол тенниси”, “Арқон тортиш”, “Тош кўтариш” ҳамда “Қўл кучини синаш” турлари бўйича мусобақалар уюштирилди.

Ўзбекистон Биринчилиги мусобақасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Сурхондарё вилояти кенгаши, иккинчи ўринни Тошкент вилояти кенгаши ва учинчи ўринни Навойи вилояти кенгаши терма жамоалари эгаллади.

Мусобақада ғолиб бўлган жамоа ва спортчиларга “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий ва вилоят кенгашлари ҳамда бошқа ҳамкорларнинг диплом, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

Тадбирда вилоят спорт ва туризм бошқармаси спортчилари спортнинг кураш, бокс ва бошқа турлари, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ жанубий оператив қўмондонлигининг Фахрий қоровул шахсий таркиби ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги тури бўйича кўргазмали чиқишларини намойиш этди.

Санъаткорлар ва Термиз гапнизони ҳарбий орексторинг қизиқарли концерт дастури барчага бир олам қувонч улашди.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan