ЎЗБЕКИСТОН

Сурхондарё делегацияси Японияда

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегация Япония давлати билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янги босқичда йўлга қўйиш учун кунчиқар мамлакатга сафар қилди.

Ноёб буддавийлик археологик ёдгорликларига эга Сурхон воҳаси Япон ҳалқида катта қизиқиш уйғотиб келади. Ўзбек-япон археологларининг қўшма

экспедицияси олиб борган тадқиқотларга кўра, қадимги Сурхондарё ҳудудида ривожланган Кушон подшолигининг давлат дини – буддавийлик Ўрта Осиё халқлари миллий қадриятлари ва анъаналари билан бойиган ҳолда Шарқий Туркистон, Хитой ва Корея орқали Япония оролларига ҳам тарқагани аниқланган. Шунингдек, анъана ва қадриятларимизнинг яқинлиги ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ришталарини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.  

Тарихий яқинлик ришталари узоқ ўтмишга бориб тақаладиган Япон халқи билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенг йўлга қўйиш вилоятнинг савдо-иқтисодий, ижтимоий-инвестициявий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.  

Вилоят ҳокими бошчилигидаги делегация сафарнинг илк кунида “Жапан Цонсерватион Энгинеэрс & Цо., Лтд.” компанияси раҳбарияти билан учрашиб, жанубий воҳада шўрланган қишлоқ хўжалиги ерларини юқори консентратланган фулвокислотадан фойдаланган ҳолда яхшилаш технологиясини қўллаш лойиҳасини муҳокама этди. Мулоқотда ўтган йили мазкур компания билан Шеробод туманида энтомолог-агрономлар иштирокида бир гектар кучсиз (ўрта) шўрланган пахта майдонида ўтказилган синов ижобий самара бергани қайд этилиб, “Фужимин” препаратини мош, пахта ва ғалла етиштиришда қўллаш юзасидан ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.  

Улуғбек Қосимовнинг “Вентфорет Кофу Спорт” клуби президенти Сатору Сакума билан учрашуви  ҳам самарали бўлди.  

Жорий йилнинг июнь ойида “Сурхон” ва Япониянинг “Вентфорет Кофу” футбол клублари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган Сурхондарё вилояти ҳокими Осиёда спортнинг футбол тури бўйича юқори салоҳиятга эга Япония тажрибасини воҳа ёшларига ўргатиб, вилоятда футболни ривожлантиришда яқиндан ҳамкорлик қилиш таклифини илгари сурди.  

Музокара якунида Сурхондарё вилоятида футбол академиясини ташкил этиб, футбол мактабларини ривожлантириш, Япониядан футболчи ва тренерлар юборишга кўмаклашиш, “Сурхон” ва “Ванфоре Кофу” футбол клублари ўртасида ўртоқлик учрашувлари ўтказиш, ўйинчиларни алмашиш, академияларда ўқишни йўлга қўйиш, ўйинчилар ва тренерлар алмашинувини жорий этишга келишилди.  

Токио шаҳрида “Алпҳа Кокусаи Гакуин” институти раҳбарияти ва бошқа расмийлар билан учрашуида Термизда Алпҳа Кокусаи Гакуин институти ҳамкорлигида Япония-Ўзбекистон технологик университетини ташкил этишга келишилди. Янги олий таълим муассасасига Алпҳа Кокусаи Гакуин институтининг 15 дан ортиқ япон мутахассиси жалб этилиб, Япония таълим стандарти ўқув дастурлари асосида қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ҳамшираси, стоматология, меҳмонхона ва сервис, қурилиш соҳаси, автомобилсозлик йўналишлари бўйича малакали мутахассислар тайёрланади. Университет Термиз халқаро савдо маркази ҳудудида фаолият юритади. Таълим давомийлиги 4 йил бўлиб, талабалар дастлабки 2 йил Термизда тил ва танланган йўналиш бўйича таълим олади. Кейинги икки йилда ўқиш Японияда давом эттирилиб, талабалар ўз соҳаси бўйича корхоналарда иш ҳақи тўланадиган  амалиётни ўтайди.

Учрашувларда қурилиш ва архитектура, соғлиқни сақлаш ва телемедицина йўналишларида япон компаниялари билан ҳамкорлик қилиш масалалари ҳам муҳокама этилди.  

Сурхондарё вилояти делегациясининг кунчиқар мамлакатга сафари давом этмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan