Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш йўналишида қонунчиликни такомиллаштириш ва амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар натижасида юртимизда халқаро ташкилотлар ва давлатлар билан ҳамкорликлар йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича 2021-2026 йилларга мўлжалланган Миллий стратегиясида жамоат ташкилотлари ва муассасаларининг бу борадаги иштироки долзарблиги аниқ ва равшан очиб берилган.
Шунингдек, «2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси» нинг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши барқарор иммунитетни шакллантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Сурхондарёда фаолият олиб бораётган “Барқарор ҳаёт” халқаро ижтимоий-маърифат маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги билан биргаликда вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари ўртасида бу йўналишда ўзаро ҳамкорлик алоқалари асосида тадбирлар, семинар-тренинглар ташкил қилиниб келинмоқда.
Куни кеча тажрибаларни таҳлил қилиш, умумий ёндашувларни шакллантириш, шунингдек ваколатли органларнинг таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ижтимоий институтлари билан экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш соҳасидаги ўзаро муносабатлар шакллари ва усулларини такомиллаштириш мақсадида Термиз шаҳрида ЕХҲКнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координаторлиги кўмагида «Зўравон экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш соҳасида ваколатли органларнинг анъанавий ижтимоий фуқаролик институтлари билан ўзаро ҳамкорлигининг самарали моделлари» мавзусида икки кунлик ўқув-семинари ташкил қилинди.
Термизда ташкил қилинган тренингга Ички ишлар вазирлиги ва вилоят бошқармаси, дин ишлари бўйича қўмита, оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва унинг вилоятдаги бошқармаси, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда унинг вилоятдаги бўлими, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, вилоят Адлия, вилоят мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят ва шаҳар филиаллари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, вилоятдаги олий таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари иштирок этишди.
Иштирокчиларга анъанавий социализация институтларининг ролини кучайтиришга асосланган профилактика модели, ёшлар субкултураларининг радикаллашуви ва ҳалокатли салоҳиятини камайтиришга қаратилган профилактика ишлари модели, халқаро бағрикенглик кунига бағишланган тақдимотлар тренерлар томонидан намойиш қилинди.
Ўқув трененгининг музокора қисмида ёшлар орасида турли оқимларга кириб қолмаслиги, бу борада ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Мазкур мақола Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди грант маблағи асосида “ Инсон – жамият – давлат ” лойиҳаси доирасида тайёрланди.