TA'LIM

Тошкент тиббиёт академияси университетга айлантирилади

Президентнинг “Тошкент давлат тиббиёт университетини ташкил этиш ва соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарори лойиҳаси эълон қилинди. 

Тошкент тиббиёт академиясининг кузатув кенгаши, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг қуйидаги таклифларига розилик берилиши мумкин:

Тошкент тиббиёт академиясини Тошкент давлат тиббиёт университети этиб қайта ташкил этиш.

Университет таркибида:

  • Тошкент тиббиёт академиясининг Марказий илмий-текшириш лаборатория негизида белгиланган тартибда жалб этиладиган бюджетдан ташқари маблағлар, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар ҳисобидан молиялаштириладиган Экспериментал тиббиёт илмий-текшириш институтини ташкил этиш;
  • Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасини Тошкент давлат тиббиёт университети клиникаси этиб қайта ташкил этиш.

Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • узлуксиз тиббий-касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, клиника ва ўқув базалари фаолиятида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;
  • фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратиш, тиббий таълим, фан, инновация ва илмий тадқиқотлар натижаларининг узвий боғлиқлигини таъминлаш;
  • хорижий тиббиёт олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчилар академик мобиллиги дастурлари ҳамда қўшма таълим дастурларини жорий этиш ва ривожлантириш;
  • университет илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириб бориш, профессор-ўқитувчилар ва илмий изланувчиларнинг нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этишларини таъминлаш;
  • республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари ва қадрлар буюртмачилари билан ҳамкорликда тиббиёт соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш бўйича халқаро илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва симпозиумлар ташкил этиш;
  • университетни 2025 йилгача халқаро эътироф этилган ташкилотлар Times Higher Education рейтингининг Good health and well-being йўналиши бўйича биринчи 200 таликдаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш;
  • университет моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, симуляцион марказ, ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларини ташкил этиш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш.

Белгиланишича:

  • университет тиббиёт соҳаси учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади;
  • университет Тошкент тиббиёт академиясининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
  • Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олаётган талабалар университетда мос бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида ўқишини давом эттиради ҳамда битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда давлат намунасидаги университет дипломи берилади;
  • университет клиникаси, академик лицейи, Экспериментал тиббиёт илмий-текшириш институтининг муассиси университет ҳисобланади ва уларнинг фаолияти университет томонидан мувофиқлаштирилади;
  • университет таркибий тузилмалари давлат муассасалари ҳисобланади ва шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;
  • университетнинг таркибий тузилмалари раҳбарлари университет кенгашининг тақдимномасига кўра соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan