Ҳарбий тадбирлар

Какайдидаги ҳарбий қисмда барча шароитларга эга спорт зал ва маданият маркази фойдаланишга топширилди

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Какайди қўрғонида жойлашган ҳарбий қисмда барча шароитларга эга спорт зал ва маданият маркази бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди.

Жарқўрғон туман ҳокимлиги, Жанубий оператив қўмондонлиги, фахрийлар ва бир гуруҳ ёшлар иштирокида ўтган тантанали очилиш маросимида сўз олганлар барчани байрам билан табриклаб, бу каби бунёдкорлик ишлари юрт ҳимоячиларининг жанговар шайлик даражаларини яна бир поғона кўтаришига ишонч билдиришди.

Байрамлар, консертлар ва турли тадбирлар ўтказишга мўлжалланган қарийб 600 ўринли маданият маркази эндиликда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун беминнат хизмат қилади.

Шунингдек, марказда ҳарбийларнинг соҳа мутахассиси бўлган турмуш ўртоқлари ва туманнинг малакали устозлари раҳбарлигида рақс, мусиқа ва санъат тўгараклари, кутубхона ҳамда музей фаолият бошлади.

Ҳарбий хизматчилар, уларнинг фарзандлари ва туман ёшлари учун хизмат кўрсатишга мўлжалланган спорт зал барча замон талабларига жавоб берадиган шароитга эга. Ўнлаб турдаги тренажёрларда ҳарбий хизматчилар ўз жисмоний имкониятларини оширишлари мумкин.

Ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам қисм ҳудудидан чиқмаган ҳолда спортнинг деярли барча тури билан шуғулланиш имкони мавжуд. Бундан ташқари ҳарбий спортчилар ва туманнинг спорт усталари бошчилигида ёшлар учун бокс, дзюдо, кураш, енгил атлетика каби спорт тўгараклари фаолият бошлади.

Какайди қўрғонида яшовчи ёшлар учун ҳам спорт зал очилиши қувончли воқеа бўлди. Спортсевар ёшларнинг машғулотларга қатнашишлари учун ҳарбий қисм ҳудудига кириб-чиқиш тартиби ишлаб чиқиладиган бўлди. Келажакда ушбу маскандан юрт байроғини янада баланд кўтарувчи олимпиада чемпионлари чиқса ажаб эмас.

III даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan