Ҳарбий тадбирлар

Сурхондарёда ҳарбий хизматчилар имтиёзли тавсияномаларни олиш учун тест синовлари топширмоқда

Жануби-ғарбий маҳсус ҳарбий округ тасарруфидаги Ҳайраобод, Какайди ва Термиз гарнизонларида хизмат қилаётган муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик дастурларининг ўзлаштирганлигини якуний баҳолаш ҳамда уларнинг билим даражасини текшириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ходимлари иштирокида тест синовлари бўлиб ўтди.

Ўқишга киришда муддатли ҳарбий хизматчиларга имтиёз берадиган тавсиянома учун тузилган мазкур тест саволларининг умумий сони 100 та бўлиб, уларнинг 40 таси – жанговар тайёргарлик, 20 таси – маънавий-маърифий тайёргарлик, 10 таси – математика, 10 таси – физика, шунингдек, қолган 20 таси мантиқий саволлардан иборатдир. Тест синовларини бажариш ва жавобларини белгилаш учун аскарларга 3 соат вақт ажратилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган фуқаролар республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади.

Шунингдек, улар республиканинг олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириши учун тегишли ўқув йилига тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари алоҳида ажратилган қабул кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этади.

Тавсияномалар улар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan