Ҳарбий тадбирлар

Фестивалда тинч, тўкин ҳаёт мадҳ этилди

Мудофаа вазирлигининг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмларига бириктирилган ёшлар учун турли ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ташкил этиш ажойиб анъанага айланди.

Жойларда ўтказилаётган бундай тадбирлар ёш авлод онгу шуурида Қуролли Кучларимиздан фахрланиш, ҳарбийлик касбига ҳурмат туйғуларини кучайтириш ва тинч, тўкин Ватанда яшаётганига шукронлик туйғусини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Вилоят марказидан олис бўлган Музрабод туманидаги  ёшлари учун 14-умумтаълим мактабида ўтказилган навбатдаги ватанпарварлик фестивали ҳам барчада бой таассурот ўйғотди.

Тадбирда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш юзасидан аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Вилоят, шаҳар, туман ва маҳаллаларда ташкил этилган ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштирувчи махсус штаблар фаолияти тўғрисида маълумот берилди. 
Фестиваль доирасида ёшларимиз миллий армиямизнинг бугунги қудрати ва салоҳияти намоён этилган қурол-аслаҳалар кўргазмасини кўздан кечирди.
Хайрабод гарнизони фахрий қоровулининг кўргазмали чиқишлари, Термиз гарнизони ҳарбий оркестр жамоасининг она Ватан, осуда ҳаёт, обод турмуш ва садоқатни мадҳ этган куй-қўшиқлари ёшларга кўтаринки кайфият улашди. 

III-даражали сержант Акбар АҲМЕДОВ, Термиз гарнизони.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan