“Youtube” интернет ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Олимжон Тўхтаназаров ўзининг каналида Сурхондарё вилояти шўрчи туманида яшовчи тадбиркорлар МИБдан ўзларига тегишли компенсация пулларини 5 йилдан бери ололмаётганликлари юзасидан
видеомурожаат йўллаган. Мазкур ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг жорий йил 13 апрел ҳамда 14 май кунларидаги ижро варақаларига асосан Шўрчи туман ҳокимлиги ҳисобидан даъвогар Тўрахон Муродовнинг фойдасига давлат ва жамоат эҳтиёжи учун бузилган савдо дўкони биноларига жами 591 млн. сўмга яқин компенсация ундириш белгиланган.
Мазкур суднинг ижро варақалари Бюронинг Шўрчи туман бўлими иш юритувига жорий йилнинг 15 май куни келиб тушган ва иш юритувга қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида, Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонуннинг тегишли моддаларига асосан давлат ижрочисининг қарори билан Шўрчи туман ҳокимлигининг барча ҳисоб рақамларига банд солиниб, қарор ижросини таъминлаш учун Шўрчи туман Ғазначилик бўлимига юборилган.
Қарздор Шўрчи туман ҳокимлигидан ундирилган пул маблағлари, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги Қонуннинг 78,80-моддалари талаблари асосида тақсимлаш чоралари кўрилади.
Шунингдек, компенсация ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари Бюронинг вилоят бошқармаси томонидан алоҳида назоратга олинган бўлиб, жорий йилда фуқаролар ва юридик шахслар фойдасига туман-шаҳар ҳокимликларидан 30 дан ортиқ ижро ҳужжатлари бўйича жами 3 млрд. 223 млн. сўм компенсация тўловлари ундирилиши таъминланган, дейилади муносабатда.