ЖАМИЯТ

Жарқўрғонлик «Сувоқова» ходими нега ишдан бўшатилди?

ЖАРҚЎРҒОН туман адлия бўлимига туманнинг “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Фазлиддин Қобилов (исми-шарифи ўзгартирилган) Сурхондарё вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси томонидан ишдан ноҳақ бўшатилганлигидан норози бўлиб мурожаат қилди.

Мазкур мурожаат туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижаларига кўра, Ф.Қобиловни Жарқўрғон туман филиали “Ободгузар” МФЙ ҳудудидаги сув қудуғи насос юритувчиси лавозимидан озод этиш ҳақидаги Сурхондарё вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонасининг 2019 йил 7 августдаги 164-сон буйруғи ноқонуний қабул қилинганлиги аниқланди, негаки Ф.Қобилов ўз хоҳиши билан ишдан бўшашга ариза ёзиб бермаган эди. Шунингдек, Ф.Қобилов ишдан бўшатилганлигини билмаган ҳолда ўз хизмат вазифасини бажариб келган (насос юритган, сув қувурларини имкон қадар таъмирлаган ва бошқа ишлар билан машғул бўлган).

Бироқ унга 2019 йил август, сентябрь, октябрь, ноябрь ва декабрь ойи иш ҳақи берилмаган. Аниқланган ҳолатлар бўйича туман адлия бўлими томонидан 2019 йил 16 декабрь куни фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига Ф.Қобиловни ишга тиклаш, 3 045 811 сўм иш ҳақи ва унга етказилган 1 000 000 сўм маънавий зарарни ундириш ҳақида даъво аризаси киритилди. Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди томонидан “Сувоқова” давлат унитар корхонасида бўлиб ўтган сайёр суд натижасига кўра, даъво ариза қаноатлантирилиб, Сурхондарё вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонасининг 2019 йил 7 августдаги
164-сон буйруғи ғайриқонуний, дебтопилди. Ф.Қобилов 2019 йил 7 август кунидан бошлаб Сурхондарё вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси Жарқўрғон филиали “Ободгузар” МФЙ ҳудудидаги сув қудуғи насос юритувчиси вазифасига тикланди ҳамда унинг фойдасига мажбурий прогул кунлари учун 3227 830 сўм иш ҳақи ва маънавий зарар учун 700 000 сўм товон пули ундирилди.

Ф.Қобиловнинг меҳнат қилиш билан боғлиқ бузилган ҳуқуқлари адолатли ечим топиб, унинг бу борадаги конституциявий ҳуқуқлари тикланди.