ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Кредит маблағларини талон-тарож қилган тадбиркор 7 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди

Суд ҳукмида кўринишича, фуқаро А.А. “Х.Ю.Э” фермер хўжалиги раҳбари ва “T.Ё.Э” МЧЖ норасмий раҳбари лавозимида ишлаб келиб, эгаллаб турган вазифасига кўра мансабдор шахс бўла туриб, кредит маблағларини ўзлаштириш орқали текин бойлик орттириш ҳамда ўзининг иқтисодий аҳволини ноқонуний йўллар билан топилган пуллар орқали яхшилаш мақсадида “Агробанк” АТБ Музработ филиалидан айланма маблағни шакллантириш учун 1 йил муддатга 26 фоиз устама тўлаш шарти билан 2 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилишига эришган.

Судланувчи А.А. олдиндан тузилган жиноий режага асосан қайнотаси Ж.Л.га тегишли Музработ тумани, “Йўлчи” маҳалласида жойлашган ҳақиқий бозор баҳоси қарийб 860 млн. сўмлик савдо ва умумий овқатланиш биносининг қийматини сунъий равишда оширган ҳолда, қиммат нархда 1 млрд. 900 млн. сўмга гаров таъминоти сифатида тақдим қилинаётган мол-мулкни баҳолаш бўйича банк билан ўзаро келишув далолатномаси расмийлаштиришга эришиб, кредит маблағлари эвазига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилмасдан ва кредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни сўндирмасдан, ажратилган кредит маблағларини ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юбориб, ўзига ишониб топширилган ўзганинг жуда кўп миқдордаги 1 млрд. 777 млн. сўм пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Бундан ташқари, у ўз жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигининг ресурсидан ажратилаётган кредит маблағларини талон-торож қилиш мақсадида ўзаро олдиндан жиноий тил бириктириб АТ “Алоқабанк” Сурхондарё филиалидан “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда айланма маблағни тўлдириш” мақсадида, “T.Ё.E.” МЧЖга 12 ой муддатга 4 фоиз устама тўлаш шарти билан 220 минг АҚШ доллари кредит маблағини такроран ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.

Таъкидланишича, А.А. ўзининг режасини амалга ошириш учун жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ўзи норасмий раҳбарлик қилиб келаётган “T.Ё.E.” МЧЖ раҳбари билан ўзаро жиноий тил бириктириб АТ “Алоқабанк” Сурхондарё филиалидан “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда айланма маблағни тўлдириш” мақсадида, жамиятга 12 ой муддатга 4 фоиз устама тўлаш шарти билан ажратилган 220 минг АҚШ доллари ҳисобидан “Ё.Ғ.А.” МЧЖ ҳисоб рақамига кўчириб берилган 2 млрд. 308 млн. 900 минг сўмга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини гўёки харид қилиб олганлиги тўғрисида сохта маълумотлар киритилган рақамсиз ҳисоб варақ фактуралар расмийлаштиришиб, рақамсиз сохта ҳисоб варақ фактурани кредит маблағларини мониторингида фойдаланишда кўмаклашиш учун Қ.Х.га тақдим этган ҳолда ундан фойдаланиб, кўрсатилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини хорижий давлатларга экспорт қилмасдан ҳужжатларни қалбакилаштириш жиноятини содир қилган.

Суд ҳукми билан А.А. Ўзбекистон Республикаси ЖК 167моддаси 3-қисмининг “а” банди ва 228-моддаси 2-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топиб, узил-кесил 7 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва ундан “Агробанк” АТБ Музработ филиали ҳисоб рақамига 1 млрд. 777 млн. сўм етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan