ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Калаванинг учи банкда(ми): “Ҳавога учган” 369 миллион сўм

Кредит олиш билан боғлиқ муаммоларга сўнгги йилларда бир мунча барҳам берилгани, рост. Аммо, имтиёзли шартларда таклиф қилинаётган кредитларни расмийлаштиришда, афсуски, ҳамон бюрократик тўсиқлар кўзга ташланади. Қуйидаги ҳодиса ана шу сунъий тўсиқларнинг асл моҳиятини англаб етишимизга ёрдам беради, деб ўйлаймиз.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Термиз туман бўлими томонидан ўтказилган терговолди текширувда, АТБ “Агробанк” Термиз филиали ходими Т.Б. ва бошқалар 2020 йил май-июнь ойларида 14 нафар фуқароларнинг томорқасида иссиқхона қуриб берилмаган бўлсада, иссиқхона ташкил этиш учун деб жами 369 млн. сўм пул маблағларини таъминотчи сифатида “Д-Т” фермер хўжалиги ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга ўтказиб беришган. Банк томонидан ушбу ажратилган кредит маблағларининг мақсадли ишлатилиши ўрганилмаганлиги натижасида шу кунга қадар ушбу фуқароларнинг томорқаларида иссиқхона қурилмагани, пул маблағлари мақсадсиз ишлатилганлиги аниқланди.

Албатта, эндиликда “кўзим кўр, қулоғим кар” қабилида иш тутган мутасаддиларнинг ҳаракатсизлигига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.

Хабарда келтирилишича, мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan