ДУНЁ

Тожикистонда кучли ёмғирлар туфайли 13 киши ҳалок бўлди

Тожикистонда 27 август куни кузатилган кучли ёғингарчилик оқибатида Ваҳдат шаҳри ва Рудакий туманида 13 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда республика президенти матбуот хизматига таяниб, Asia Plus хабар бермоқда.

Фото: ИРС

Ваҳдатда 11 киши, Рудакийда 2 киши табиий офат қурбонига айланган. Улар айнан қандай шароитда ҳалок бўлгани ҳақида тафсилотлар келтирилмаган.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ва ёғингарчилик оқибатларини бошдан кечирган барчага чуқур ҳамдардлик билдирди.

Давлат раҳбари бош вазирга, Фавқулодда вазиятлар ва фуқаро мудофааси қўмитасига, шунингдек, бошқа ваколатли органларга ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига тез ёрдам кўрсатиш, фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш юзасидан тегишли топшириқлар берди.

Фото: ИРС

Якшанба кунги кучли ёғингарчилик Душанбе—Хўжанд йўлининг айрим қисмларига ҳам жиддий зарар етказган: у ерда сел ва кўчки содир бўлган, тепаликдаги тошлар юмалаб тушган. Магистрал йўлда ҳаракат вақтинча тўхтатилди.

Фото: ИРС
Фото: ИРС
Фото: ИРС

Тожикистонлик синоптиклар 27—28 август кунлари беқарор об-ҳаво ҳақида огоҳлантирган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan