ЖАМИЯТ

Алимент миқдорини камайтириш учун қаерга мурожаат қилиш керак?

Савол: — Эрим биринчи турмушидан расман ажрашмай, менга шаръий никоҳ асосида уйланган, ҳозирда бир нафар фарзандим бор.

Биринчи турмушидаги фарзандлари учун ҳам алимент, ҳам моддий ёрдам тўлайди. Яқинда мен ҳам фарзандли бўлдим, шу сабаб ишламаяпман. Олган маоши рўзғоримизга етмаяпти. Шу сабаб алимент миқдорини камайтиришса бўладими? Бунинг учун қаерга, ким мурожаат этиши керак?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 99-моддасининг 1-қисмига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми, икки бола учун — учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилиши, бироқ, Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги кераклиги қаътий белгилаб қўйилган.

Алимент ундириш икки усулда – алимент ундириш тўғрисидаги келишув ҳамда суд ҳужжати асосида амалга оширилади.Оила кодексини 96-моддасига асосан, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота(она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб қолаётган бўлса алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкинлиги Оила кодексининг 96-моддасида белгиланган.Бунинг учун алимент тўлаётган ота ёки она, шунингдек, қонун талабларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома асосида уларнинг ишончли вакиллари ҳам даъво аризаси билан жавобгар (иккинчи тараф)нинг яшаш жойи ҳудудидаги фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилишлари мумкин.

Мисол учун, даъвогар Турдиев Бахром Умарович жавобгарлар Хўжамқулова Матлуба Маматмуродовна ва Маматова Ойгул Алламуратовнага нисбатан фарзандлари таъминоти учун тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ҳақида даъво ариза билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 27.03.2017 йилдаги суд буйруғига асосан Хўжамқулова Матлуба Маматмуротовнанинг  фойдасига 1 нафар вояга етмаган фарзандлари 12.10.2015 йилда туғилган Умарова Кумуш Баҳромовнанинг  таъминоти учун даъвогарнинг даромадидан 1/4 қисми кўринишида алимент ундирилган.

Шу билан бир қаторда, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 22.09.2022 йилдаги суд буйруғига асосан Маматова Ойгул Алламуратовнанинг фойдасига 2 нафар вояга етмаган фарзанди 11.07.2021 йилда туғилга Умарова Солиҳа Бахромовна ва 12.07.2022 йилда туғилган Умарова Сакина Бахром қизининг таъминоти учун даъвогарнинг даромадидан 1/3 қисми кўринишида алимент ундирилган.

Ҳозирда даъвогарнинг жами даромадининг 58  (25+33) % фоизи алимент тўлашга кетаётганлиги сабабли, даъвогар судга мурожаат қилиб, у томонидан тўланаётган алимент миқдорини камайтиришни сўраган.

Суд Турдиев Бахром Умаровичга суд буйруғларига асосан, жавобгарлар Хўжамқулова Матлуба Маматмуродовна ва Маматова Ойгул Алламуратовна фойдасига ҳар ойда ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг жами (1/4 + 1/3) 58 фоиз миқдорида алимент тўлаши белгиланганлигига, алимент миқдори Оила кодек­сининг 99-моддасида кўрсатилган миқдордан, яъни иш ҳақининг ярмидан ошиб кетганлигига ҳуқуқий баҳо берган ҳолда даъвогарнинг алимент миқдорини камайтириш ҳақидаги талабини қисман қаноатлантириб ва янги миқдор белгилашни, яъни ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб жавобгар Маматова Ойгул Алламуратовна фойдасига фарзанди Кумушнинг вояга етгунига қадар қарздорнинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/6 қисми миқдорида, алимент миқдорини белгилашни лозим топган.

Сайдулла Михлиев,фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan