Фойдали

Олимлар юрак хасталиклари хавфини камайтирадиган олтита маҳсулотни маълум қилишди

Макмастер университети томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, олтита маҳсулотга бой парҳез юрак фаолиятини яхшилайди ва юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтиради.

Тадқиқот Европа кардиология ассоциациясининг «European Heart Journal» журналида чоп этилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2019 йилда юрак-қон томир касалликлари туфайли 18 миллион киши вафот этган. Бу дунёдаги барча ўлимларнинг 32 фоизини ташкил қилади. Уларнинг 85 фоизи юрак хуружи ва инсульт билан боғлиқ.

Ушбу касалликнинг асосий сабаблари чекиш, ичиш, нотўғри овқатланиш, юқори холестерин, ортиқча вазн ва жисмоний фаолиятнинг етишмаслиги. Тадқиқотчилар 80 мамлакатдан 245 000 кишини ўрганишди. Аниқланишича, рациони мева, сабзавот, дуккаклилар, ёнғоқлар, балиқ ва қаймоқли сут мавжуд бўлган одамларда юрак-қон томир касалликлари ва ўлим хавфи ушбу маҳсулотларга етарлича эътибор қаратмайдиган одамларга қараганда анча паст бўлади.

Тадқиқот муаллифлари PURE глобал сўрови натижаларини таҳлил қилишди. Ушбу тадқиқот юқори, ўрта ва паст даромадли мамлакатлар натижаларини ўз ичига олганлиги билан бошқалардан фарқ қилади. Таҳлил қилишда қуйидаги омиллар ҳисобга олинди: ёши, жинси, бел-сон нисбати, таълим даражаси, даромад, шаҳар ёки қишлоқда яшаш, жисмоний фаоллик, чекиш ҳолати, диабет, статинлар ёки юқори қон босими дори-дармонлари.

9 йил давомида 15 707 та ўлим ва 40 764 та юрак-қон томир касалликлари қайд этилган. Аниқланишича, тўғри овқатланган одамларда ўлим хавфи 30 фоизга, юрак-қон томир касалликлари хавфи 18 фоизга, миокард инфаркти 14 фоизга, инсульт хавфи 19 фоизга камайган. Шундай қилиб, олимлар рационга ҳафтасига 2-3 порция мева, 2-3 порция сабзавот, 3-4 порция дуккаклилар, 7 порция ёнғоқ, 2-3 порция балиқ ва 14 порция қаймоқли сут маҳсулотларини киритишни тавсия қилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan