ЎЗБЕКИСТОН

Шавкат Мирзиёев бир гуруҳ тадбиркорларга мукофотларни топширди (фоторепортаж)

Бугун, 18 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқаро конгресс марказида бир гуруҳ тадбиркорларни мукофотлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Хабарингиз бор, бугун Президент иштирокида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Бундай учрашув илк бор 2021 йил 20 августда ташкил этилган эди. Давлат раҳбарининг таклифи билан бу анъанага айланди ҳамда мазкур сана мамлакатда “Тадбиркорлар куни” этиб белгиланди.

Тадбир аввалида Президент Шавкат Мирзиёев ишбилармонларни ушбу байрам билан табриклаб, ўзининг чуқур ҳурмати ва эзгу тилакларини билдирди.

“Ҳар бир мамлакатда тадбиркорлар катта куч-қудрат бўлиб келган.  Ўзбекистонимизда ҳам иқтисодиётни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, маҳаллаларни обод этишга ҳаракат қиляпмиз. Бунга энг катта ҳисса қўшаётган ким? Тадбиркорлар! Сизлар ҳар бирингиз қаҳрамонсиз, фидойисиз. Биз сизлар билан фахрланамиз”, дейди давлат раҳбари.

Бизнесга шароитлар натижасида бу соҳа изчил ривожланаётгани қайд этилди. Ўтган бир йилда кичик тадбиркорлар сони 40 мингтага, ўрта тадбиркорлар сони 2 мингтага, йирик корхоналар сони эса 400 тага кўпайган. Берилган енгилликлардан фойдаланиб, бир йилда 155 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллион доллардан ошган. Киритилган йиллик хорижий сармоялар ҳажми эса илк бор 10 миллиард долларга етган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18 августдаги фармонига мувофиқ, мамлакат иқтисодий қудрати ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда намуна кўрсатаётган 44 нафар фуқаро давлат мукофотлари билан тақдирланди. Байрам тадбирида уларга ана шу унвон, орден ва медаллар топширилди.

Шунингдек, жойларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17 августдаги фармойишига мувофиқ, 126 нафар илғор бизнесменга “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони топширилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan