ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Тезкор тадбирда етти килограммдан зиёд наркотик моддаси қўлга олинди

2020 йилнинг 12 феврал куни Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Термиз шаҳрида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбирда фуқаро Н.К. йигирма минг АҚШ доллари ва бир юз ўттиз миллион сўм эвазига етти дона ўрамларга қадоқланган “опий” гиёҳвандлик моддасини мижозга сотиш мақсадида олиб кетаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олиниб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Эксперт-криминалистика бўлимининг 2020 йил 12 февралдаги хулосасига кўра, фуқаро Н.К.дан олинган гиёҳванд моддалар 7,190 кг “опий” гиёҳвандлик моддаси эканлиги аниқланиб, Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси томонидан Н.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати