ЖАМИЯТ

БАНК ҚАРЗДОРЛИГИ ВА УНИНГ ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ОҚИБАТЛАРИ

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ қарздорликларни қайтаришга қаратилган ҳаракатларни амалга оширишда кредит ташкилоти (шу жумладан, талаб қилиш ҳуқуқи ўтган кредит ташкилоти) қуйида келтирилган кўринишларда қарздор билан ўзаро муносабатга киришиши мумкин:

шахсий учрашувлар, телефон орқали сўзлашувлар (бевосита ўзаро муносабатлар);

электрон алоқа тармоқлари орқали юбориладиган матнли, овозли ва бошқа хабарлар юбориш;

қарздорнинг яшаш ёки рўйхатда турган манзилига почта жўнатмалари йўллаш. Ваҳоланки, амалиётда банк ва мижознинг ҳуқуқий муносабатларида мазкур талабларнинг қўпол тарзда бузилаётгани кузатилмоқда.

Жавобгарлар Р. ва Б.га 17.06.2021 йилда «Ҳамкор банк» АТБ Термиз минтақавий банк хизматлари офиси билан тузилган кредит шартномасига кўра 13.000.000 сўм миқдорида кредит ажратилган, жавобгар Бнинг кафиллиги олинган. Бироқ кредит тўловлари белгиланган муддатда амалга оширмаганлиги натижасида 7.782.979  миқдорида кредит қарздорлиги вужудга келган.

Суд томонидан жавобгарлар Р.   ва Б.га судга келиши тўғрисида тегишли тарзда хабар қилинган бўлсада, жавобгар суд мажлисига келмаган, келмаганлигининг узрли сабаблари борлиги ҳақида хабар бермаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўришни сўрамаган ҳамда даъвогар иш сиртдан иш юритиш тартибида кўрилишига эътироз билдирмаган. Шунга асосан суд ишнинг жавобгарга нисбатан қисмини Фуқаролик процессуал кодексининг 280-282-моддаларида белгиланган тартибда, ишдаги мавжуд далилларни текшириш билан кифояланган ҳолда, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важлари ва илтимосларини эътиборга олиб, сиртдан иш юритиш тартибида кўриб, ҳал қилув қарори чиқарди.

Фуқаролик кодексининг 736-моддасига кўра, агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб (бўлиб-бўлиб) қайтариш назарда тутилган бўлса, шунингдек қарз бўйича фоизларни қарзнинг ўзини қайтариш муддатидан олдин тўлаш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган ёки фоизларни қайтариш мажбуриятини бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Суд, мазкур қонун талабига кўра, жавобгар Р.нинг ҳисобидан даъвогар «Ҳамкор банк» АТБ Термиз минтақавий банк хизматлари офиси фойдасига кредитнинг асосий қисми учун 7.289.366 сўм, кредитга ҳисобланган фоиз учун 95.000 сўм ундиришни лозим топди.

Фуқаролик кодексининг 261-моддасига кўра, неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлади. Қарздор мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва, қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланади. Қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади.

Фуқаролик кодексининг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак.

Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.

Суд мазкур қонун талабларига кўра, жавобгарнинг мулкий аҳволини ҳамда кредиторнинг манфаатини инобатга олиб, жавобгар Р. ҳисобидан даъвогар фойдасига пеня учун 10.535 сўм ундиришни лозим топди.

Фуқаролик кодексининг 293-моддасига кўра, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

Кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди. Агар кафиллик шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, биргалашиб кафил бўлган шахслар кредитор олдида солидар жавоб берадилар.

Юқоридаги қонун талабидан келиб чиққан ҳолда, суд даъвогар
фойдасига жавобгар Р.дан ундирилиши лозим бўлган пул маблағларини кафил бўлган жавобгар Б.дан ҳам солидар тартибда ундиришни лозим топди ҳамда суд қарорининг ижросини таъминлаш учун МБга ўтказди.

Бинобарин, мамлакатимизда фуқаролик мажбуриятларининг тўлиқ бажарилишигина фуқаролар ҳуқуқининг тўлиқ таъминланишини кафолатлайди.

Б.Х.Наралиев, Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараросуди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan