ЖАМИЯТ

Ҳайдовчилар диққатига! Бодикамерасиз ЙПХ ходимига ҳужжат кўрсатманг

2020 йил 1 январидан Ўзбекистонда ЙПХ ходимлари хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб бориши тартиби амал қила бошлади. Бу ҳақда Кун.уз нашри хабар берди.

Эндиликда ҳайдовчилар бодикамераси бўлмаган ЙПХ ходимига ҳужжат кўрсатмаслик ҳуқуқига эга.

Ўз навбатида, ЙПХ ходими йўл ҳаракати қатнашчиларига мобиль видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун видеоёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришга мажбур.

Шу мақсадда Хитойнинг «Хайтера» компаниясидан 6 минг 193та бодикамера сотиб олинган. Шулардан 2 минг 876таси Тошкент шаҳри учун ажратилган.

Камера кундузи 25-30 метргача масофадаги объектни тасвирга ола олади ва маълумотлар бир ойгача сақланади. Ундаги инфрақизил ёритиш қурилмаси эса тунги вақтда 10 метрлик масофани ёритиб, видеога олиш имконини беради.

Қурилма бир марта қувват олганда узлуксиз 8 соат ишлайди. Бодикамера қуввати тугаганда ЙПХ ходими уни автоматик қувватлагичга улаган ҳолда фаолиятини давом эттириши мумкин.

Бодикамерани ЙПХ ходими бошқармайди ва уни ўчириш имконига эга эмас. Барчаси марказий сервер орқали назорат қилинади. Мослама корпуси очилмаслиги учун махсус ҳимоя билан жиҳозланган.