ЖАМИЯТ

САХОВАТНИНГ “ДУМИ” БОР, УСТОЗ…

 

Кейинги йилларда юртимиздаги марказий шаҳарларда инглиз тилидаги “I love (love сўзи ўрнида юракчанинг расми ҳам бор) Termez, Qarshi” каби одам бўйи баравар ёзувлар кўпайган. Бу лойиҳага яхшигина маблағ сарфлангани ҳам кўриниб турибди. Мазкур “кашфиёт” ижтимоий тармоқларда кенг аудитория томонидан муҳокама қилиниб, эътироз ва олқишларга ҳам сабаб бўлиб улгурди. Баъзилар бундай ёзувлар миллий тилимиз – соф ўзбекона тилда бўлиши лозимлигини таъкидлашса, айримларга бу маъқул – замонавийликнинг белгиси, дея эътироф этишмоқда. Яна бошқалар бу ёзувлар на имло қоидаларига, на инглиз тили меъёрларига тўғри келишини исботлашга уринишган…

Гапни бу йўсинда бошлашимизга сабаб, Республикамизда 24 та моддани ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақидаги” қонун қабул қилинганига 30 йил тўлди. Бу қисқа фурсат эмас, хўш, ўтган давр мобайнида нималар ўзгарди? Бугун юртимизда она тилимизга эътибор ва ҳурмат қай даражада?

Мулоҳазаларимиз ана шулар ҳақида.

Бугун ёшлар орасида хорижий тилларни пухта ўзлаштириб, халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлаётганлар ҳам кўп. Улар ўз она тилини ҳам аъло даражада ўзлаштирганига ишончимиз комил. Афсуски, орамизда чет тилларини чала ўрганиб, ўзбек тилига беписанд қараётган ёшлар ҳам талайгина. Хорижий тилни билишини кўз-кўз қилмоқчи бўлган баъзи ёшлар керак-нокерак пайтда русча ё инглизча аралаштириб гапиришни замонавийлик белгиси деб тушунадимикан? Чунки бундай аралашма гаплар кўча-кўйда қулоғимизга кўп чалинади. Аслида эса илмли инсон аввало ўз она тилини мукаммал ўрганада ва ҳурмат қилади.

Ҳозир телеканалларда эфирга узатилаётган турк сериаллари қаҳрамонларига тақлид қилиб, шу тилга хос сўзларни аралаштириб гапирадиган хотин-қизлар кўпайганига нима дейсиз. Бу ҳолат ёш қизларимизга ҳам юқиб, уларнниг тарбиясига салбий таъсир кўрсатмаслигига ким кафолат бера олади?

“Х” билан “Ҳ”ни фарқлай олмаслик касалидан ҳам қутула олмаяпмиз. Бир таълим маскани эшигига “Хужжатларни қабул қилиш тўҳтатилади” деб ёзилган. Ўзбекистон харитасида вилоят номлари Буҳоро, Жиззаҳ тарзида берилгани ўқувчиларни чалғитади. Ўзбек тили имло қоидаларига амал қилмаслик натижасида “а” ўрнида “о” ёзилган ҳолатлар ҳам учраяпти: Комола, Ровшан, Мовжуда…

Нега бундай ҳолатларни тузатмаймиз, индамаймиз…

  • Ўтган дарсда ўқувчиларимга диктант ёздирдим, – дейди Жарқўрғон туманидаги 6-мактабнинг она тила ва адабиёт фани ўқитувчиси Муқаддас Валиева. – Кейин ўқувчиларимнинг хатоларини ўзларига кўрсатдим. Бир ўқувчим саховат сўзининг ёзилиши устидан мен билан баҳслаша бошлади: Устоз, саховатнинг думи бўлади, ахир туман марказидаги дўкон эшигида шундай ёзилганини кўрганман, – деди.

Тўғриси, жавоб беролмай, бир зум ўйланиб қолдим ва кейин:

  • Дўконлар, турли идоралар пештоқидаги ёзувларда хатолар кўп, уларга қараб тўғри ёзишни эмас, хато топишни ўрганишимиз керак, – дедим ўқувчиларга.

Мана, бизнинг бугунги аҳволимиз…

Одатда ҳали саводи тўлиқ чиқмаган ўқувчилар турли идора ва ташкилотлар, маиший бинолар пештоқидаги, газета-журналлардаги, телекўрсатувлардаги ёзувларни тўғри деб қабул қилади. Афсуски, бугун жамиятимизда нотўғри битиклар кўплаб топилади.

Сўнгги пайтларда янги ташкил этилаётган турли нодавлат ташкилотлар, янгидан қурилган МТТ (мактабгача таълим ташкилоти)нинг номланишида тилимизга ёт хорижий сўзлардан фойдаланиш урфга кирган. Масалан: “Wunderkind”, “Эйфел гранд”, “Верона”, “Фиридайс”, “Элегант” …

Афсуски бу рўйхатни истаганча давом эттиришимиз мумкин.

Ахир ўзимизнинг соф ўзбекона, миллийлик уфуриб турган гўзал сўзларимиз кўпку. Шундай экан, ўзлигимиздан, тарихий илдизларимиздан узоқлашмайлик.

Кўчадаги битта нотўғри ёки ёт сўзни тўғрилаб ҳам она тилимиз мавқеини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган бўламиз…

Моҳитобон Бузрукова, журналист