ЖАМИЯТ

“Ангорга пластик билан келманг, кўчада қоласиз” сарлавҳали материалимизга расмий муносабат билдирилди

“Diyor24.uz” веб-сайтига

“Diyor24.uz” веб-сайтида “Ангорга пластик билан келманг, кўчада қоласиз” сарлавҳаси билан эълон қилинган мақола бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ушбу мақолада қайд этилган холатлар Марказий банк Сурхондарё вилоят Бош бошқармаси томонидан бевосита ўрганиб чиқилди.

Ҳозирги кунда Ангор туманида 8 дона банкомат мавжуд бўлиб,  7 таси тўлиқ ишчи ҳолатга келтирилган. Мавжуд банкмотлардан 1 донаси носоз бўлиб, ушбу банкоматнинг механик қисмлари ишлаш ресурси муддати ўтаб бўлган. Банкоматлар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмаслиги сабабли зарур эҳтиёт қисмлар чет давлатлардан олиб келиниши ҳисобига носоз ҳолдаги банкоматларни ишчи ҳолатга келтириш учун маълум вақт талаб этилади.

Ишчи ҳолатдаги банкоматлар тижорат банклари томонидан ўз вақтида нақд пул билан таъминланиб борилмоқда. Шунингдек, банкоматларнинг узлуксиз ишлашини назорат қилиш тижорат банк филиаллари масьул ходимларига юкланди.

Шуни қайд этиш керакки банкоматларнинг узлуксиз ишлаши бир неча омилларга боғлиқ. Жумладан, электр таъминотининг узлуксизлиги, уяли алоқа тармоғининг сифати, об-ҳаво шароити ва инсон омили шулар жумласидан ҳисобланади.

Электр таъминотида узилиш содир бўлган тақдирда банкомат ишчи ҳолатга ўтиши учун 30 дақиқагача вақт талаб этилади.

Алоқа тармоғи сифати талаб даражада бўлмаса, банк картаси тўлов тизими серверлари билан боғлана олмайди, натижада тўлов операцияларни амалга ошириш чекланади.

Об-ҳавонинг иссиқ ёки совуқ бўлиши банкоматлар резина қисмларининг эластиклик даражаси ўзгариши (иссиқда юмшоқ ва совуқда қаттиқ бўлиши) ҳам механик носозликларни келтириб чиқаради.

Булардан ташқари, инсон омили ҳам мавжуд бўлиб, банк картаси ва банкомат орқали операциялар амалга ошириш кўникмалари етарли бўлмаслиги ҳам ноқулайликларни вужудга келтиради.