СИЁСАТ

Шавкат Мирзиёев ЕОИИнинг юбилей саммитида иштирок этди

Президент ўз нутқида Ўзбекистонда “ЕОИИ плюс” форматида Аграр форумни ўтказиш, »Шимол-Жануб» халқаро йўналишларини ривожлантириш каби бир қатор таклифлар берди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг ўттизинчи йиғилишида видеоалоқа орқали иштирок этди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар берди.

Россия президенти Владимир Путин раислигида ўтган бу галги учрашувда Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, кузатувчи давлат раҳбари сифатида Куба президенти Мигель Диас-Канель ҳамда Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясникович қатнашди.

Таклиф этилган давлат раҳбарлари сифатида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам иштирок этди.Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат сифатида бирлашма доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этаётганини қайд этди.

Ўзбекистон президенти божхона маъмуриятчилиги, санитар, фитосанитар ва ветеринар назорат ҳамда товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашнинг электрон платформалари ва онлайн тизимларини интеграция қилиш муҳимлигини кўрсатиб ўтди. Ушбу ташаббусни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш учун экспертлар даражасида батафсил маслаҳатлашувлар ўтказиш таклиф қилинди.

«Евроосиё маконида янги иш ўринларини яратиш ва индустриал хабларни шакллантиришнинг муҳим омили сифатида саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўрилиши лозим, деб ҳисоблаймиз», – деди президент.

Ўзбекистон кооперация лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича кўп томонлама дастурларда ва ЕОИИ Ишбилармонлар кенгаши фаолиятида иштирок этишдан манфаатдор экани билдирилди.

Муқобил транспорт йўлакларини шакллантириш ва барқарор логистика занжирларини яратиш борасида биргаликдаги ишларни кучайтириш аҳамиятига эътибор қаратиб, Ўзбекистон етакчиси Шимол – Жануб халқаро йўлакларини ва минтақамизни Хитой, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан боғловчи бошқа магистралларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари тариф сиёсати масалаларида яқиндан мувофиқлашув зарурлигини қайд этиб, “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” темир йўли қурилишини амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси ишига қўшилишга таклиф этди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида Ўзбекистон раҳбари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ўрнини фаол босишни рағбатлантириш, “яшил” йўлакларнинг тўлақонли ишлашини таъминлаш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва инновацияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатларимиз агробизнеси вакиллари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантириш таклифларини илгари сурди.

Шу мақсадда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги вазирлари, озиқ-овқат маҳсулотларининг етакчи ишлаб чиқарувчилари ва импортчилари иштирокида “ЕОИИ плюс” форматида Аграр форумни ўтказиш ташаббусини билдирди.

Юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, олий таълим муассасалари ва профессионал таълим марказлари ўртасида шериклик муносабатларини йўлга қўйиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларда иштирок этиш имкониятлари қайд этилди. Муҳандислик-техник ихтисосликлар бўйича талаб юқори бўлган кадрларни биргаликда тайёрлаш юзасидан “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш таклиф этилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan