СИЁСАТ

1 ноябрдан бошлаб эски намунадаги “объективка”дан воз кечилади

Айни пайтда президент раислигида давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Шавкат Мирзиёев мазкур йиғилишда давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизимини жорий этиш тўғрисида гапирди. Бу тизим тажриба тариқасида Самарқанд вилояти ва Давлат солиқ қўмитасида синовдан ўтказилди.

Самарқанд вилояти ҳокими ва ДСҚ раиси янги тизим орқали қандай натижаларга эришгани ҳақида ахборот берди.

Уларнинг ҳисоботини тинглаб, давлатимиз раҳбари йил якунигача ишга қабул қилишнинг очиқ танлов тизимини барча идораларда жорий қилиш топшириғини берди. 

Бунинг учун, икки ой муддатда олийгоҳлар дипломлари ва меҳнат дафтарчаларини мавжуд электрон базага тўлиқ киритиб, уни Танлов электрон платформасига интеграция қилиш вазифаси қўйилди.

Йил якунига қадар 4 мингта бўш лавозимга танлов ўтказиш топширилди.

“Ҳар бир вазирлик ва ҳокимлик кадрлар танлашни олийгоҳлардан бошлаши зарур.

Бу тажрибани тизимли йўлга қўйиш учун ҳар бир вазир ва вилоят ҳокими бир ой муддатда Ёш мутахассисларни танлаш дастурини эълон қилади.

Дастур доирасида олийгоҳларнинг битирувчи курсларида ўқиётган қобилиятли ёшлар сараланиб, вазирлик ва ҳокимлик тизимида стажировка ўтайди ва ўқишни тамомлагач, танлов асосида ишга қабул қилинади.

Бунда, нафақат ўзимиздаги олийгоҳ талабалари, балки нуфузли хорижий олийгоҳларда ўқиётган ёшларимиз ҳам қамраб олинади”, деди Президент.

Президент давлат идораларида “маҳалладан – республикагача” тамойили асосида кадрларни ўстириш тизими жорий қилинишини таъкидлади.

“Биз давлат хизматини маҳаллага тушириш бўйича катта ислоҳотларни бошладик. Ҳар бир маҳаллада – раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлардан иборат яхлит тизим яратилди.

Бундан буён, раҳбарлик лавозимларига номзодлар маҳаллада одамлар билан ишлаган, уларнинг муаммосини ўз кўзи билан кўриб, ҳал қилган кадрлар орасидан танлаб олинади”, деди давлатимиз раҳбари.

Шунинг учун, 1 ноябрдан:

– эски намунадаги “объективка”дан воз кечилиб, илғор IT-технологиялар асосида ходимнинг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини баҳолайдиган тизимга ўтилади;

– ходимни баҳолашда қайси олийгоҳни битиргани ёки қаерда ишлагани эмас, қандай билим-тажрибага эгалиги ва кўрсатган натижалари асосий мезон бўлиши шарт. 

«Оддий қилиб айтганда, раҳбарликка таcодифан келиб қолишнинг олди олинади», деди Президент.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan