ДУНЁ

Хитой Марказий Осиё давлатларининг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини тўлиқ қўллаб-қувватлайди

2023 йил 27 апрель куни Сиан шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” шаклидаги ташқи ишлар вазирларининг тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Тадбирда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва Тожикистон ташқи ишлар вазирлари, Туркманистон вазир ўринбосари даражасида вакили иштирок этди.

Учрашувда Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Вазирлар учрашувида 2023 йил май ойида Сиан шаҳрида давлат раҳбарларининг “Марказий Осиё + Хитой” саммитини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун делегациялар раҳбарлари иштирокида пресс-брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўз нутқида ушбу формат минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш учун муҳим платформа эканлигини таъкидлади. Ушбу минтақавий мулоқотнинг устувор йўналишларига савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, илмий-техникавий, маданий-гуманитар йўналишлар киради. Ишбилармон доиралар вакилларининг фаол иштирокида Марказий Осиё давлатлари ва ХХР ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш имконини беришига ишонч билдирилди.

Брифингда иштирокчи мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари иштирок этиб, вазирлар учрашуви якунлари бўйича ўз баёнотлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ўз позицияларини билдирдилар.

Хусусан, Хитой Давлат Кенгаши аъзоси ва ташқи ишлар вазири Син Ган ўз нутқи давомида Хитой Марказий Осиё давлатларининг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Шунингдек, у томонлар бир-бирларининг миллий манфаатларини ҳурмат қилишларини ва ташқи кучларнинг ички ишларга аралашишига йўл қўймаслигини таъкидлади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan