ЖАМИЯТ

“Гигант” билан судлашаётган тадбиркор: “Тўпаланг” ГЭС ҳодисаси туфайли балиқлари нобуд бўлган фермер иши қандай якун топади?

Сариосиё туманида жойлашган Тўпаланг сув омборида ўтган йили 22 июн кунида техноген ҳодиса кузатилганидан кўпчиликнинг хабари бўлса керак.

Ўшанда «Ўзбекгидроэнерго» ширкати мазкур вазиятда иншоотнинг пастки қисмидан катта ҳажмдаги сув чиқишига ГЭСнинг иккинчи компонент иншоотидаги сув қувури тўсини шикастланиши сабаб бўлгани ҳақида маълум қилганди. “Модернизация лойиҳаси доирасида синов ишлари олиб борилаётган босимли сув қувури тўсини шикастланиб, қўшимча 40 метр секунд атрофида сув миқдори ГЭС биноси орқали чиққанлиги баён этилган.

Ҳодиса жойига «Diyor24.uz» мухбири ҳам бориб репортаж тайёрлаганини мухлисларимиз ҳам яхши эслашади. Орадан 10 ой вақт ўтди, техноген ҳолат бартараф этилди, ҳаммаси изига тушган, ҳеч ким зарар кўрмагандек гўё. Лекин, ҳодисадан жабр кўрганини маълум қилган юртдошимиз ҳали ҳануз муаммога ечим излаб овора бўлаётган экан.

-2019 йилда фаолиятимизни бошлаганмиз, ўшанда 12 та сунъий кўл ташкил қилганмиз, – дейди Ҳожимурод Нарзуллаев, “Хожиакбар олтин балиқ” деҳқон хўжалиги раҳбари.- Балиқларнинг 4 хил турини етиштириб келаётгандик. Ўтган йилги Тўпаланг сув омборида бўлган ҳодиса бизга катта миқдорда зарар келтирди. Техноген ҳодиса туфайли дарёда сув катта миқдорда келган ва кўлдаги балиқларни оқизиб кетган.

Шундай қилиб, маълум бўлишича Тўпаланг ҳодисасигача “Хожиакбар олтин балиқ” деҳқон хўжалиги раҳбари Ҳожимурод Нарзуллаев қариийб 2 гектар ер майдонида интенсив кўл ташкил қилиб, балиқ етиштириб келган. Унга қадар тадбиркорга нисбатан яъни унинг фаолияти бўйича бирор бир расмий идора эътироз билдирмаган. Ҳатто, фаолиятини ривожлантириш учун “Хожиакбар олтин балиқ” деҳқон хўжалигига банк томонидан 1 млрд сўм кредит маблағи ажратилган.

-Давлатимиз томонидан ажратилган кредитни фоизи билан ўз вақтида тўлаб келаётгандик,- дейди тадбиркор. – Асосий қарзимиз 600 млн. сўм қолган эди, 10 ойдан буён кредит қарзларимизни тўламай келганимиз сабабли бугунга келиб 300 млн. сўм фоизи ҳам чиқарилган. Олган кредитимизни кўл ташкил қилиш, унга балиқ чавоқлари, омухта ем харид қилганмиз. Эндиликда кредит қарзларимиз кундан кунга ошиб бормоқда. Сариосиё туман ҳокимлигига, вилоят ҳокимимизга, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ва бир нечта тегишли ташкилотларга мурожаат қилдим. Туман мутасаддилари мурожаатимни ўрганишиб, етказилган зарар бўйича «хат» қилиб беришди. Шу орқали ё суғурта, ёки судга мурожаат қилишимни айтишди. Ўшанда Сариосиё тумани Фавқулотда вазиятлар бўлимига ҳам мурожаат қилган эдим. Улар аввалига ёрдам берамиз дейишди, кейин эса «сен ёлғон маълумот тарқатяпсан, устингдан жиноий иш қўзғатамиз», деб дўқ-пўписа қилишди.

Мурожаатлари бесамар кетаётган тадбиркор “сабр косаси тўлгач” судга “Тўпаланг Гидроэлектростанция” давлат унитар корхонаси устидан даъво аризаси билан мурожаат қилади. Хўш, жараён қандай кечгани ва якуни нима бўлгани ҳақида қизиқяпсизми? Афсуски, даъво ариза қаноатлантирилмасдан, тадбиркорга 17 млн.920 минг сўм давлат божи тайинланган. Бу ҳам етмагандек унга босим ҳам қилинаётгани айтилмоқда.

`– Суд биз ўйлаганчалик ҳаққоний ўтмади, жавобгар вакиллари келишмади. Фақат туман ҳокимлиги юристи, тегишли ташкилот вакиллари қатнашишди ва иш бир томонлама кўрилда,-дейди Ҳожимурод Нарзуллаев.- Бу ҳам етмагандек, Сариосиё тумани ҳокимлигида юрист вазифасида ишловчи Маъруф ака «Даъво аризангни қайтариб ол, агар қайтармасанг сенга берилган ер майдонини тортиб оламиз ва ҳокимнинг қарорини ҳам бекор қиламиз» деди. Ҳайрон қолдим, қайси замонда яшаяпмиз, қачонгача «каттаконлар» ўз билганини қилишади. Мен тадбиркорлик қилиб иш ўринларини яратган бўлсам, ҳалол ишлаган бўлсам, ноқонуний иш қилмаганманку…

Умид, охирги нажот. Айни пайтда ҳам тадбиркор Ҳожимурод Нарзуллаев, ҳақиқат қарор топиши учун курашда давом этмоқда.

-Биринчи суд ҳужжатлари устидан норози бўлиб апелляция ва кассация тартибида шикоят бердим. Суд иши эса 25 апрел куни, яъни эртага бўлиб ўтиши белгиланган. Ҳозирги кунда банкдан қарздорлигимиз 913 млн. га етган. Қаерга ва кимга мурожаат қилмайлик барчаси бесамар кетмоқда. Бу ерда мендан ташқари бир нечта тадбиркорларимиз ҳам зарар кўришган, – дейди Ҳожимурод Нарзуллаев.

Энди масаланинг яна бир чигал томонига эътибор қаратсак. Тадбиркор “Хожиакбар олтин балиқ” деҳқон хўжалигига олинган 1 млрд. сўм кредит учун гаровга Нарзуллаевнинг ҳамқишлоғи, устози Гаровбей Бобоколоновнинг савдо мажмуаси иморати қўйилган. Табиийки, катта қийматга эга маҳсулот яъни балиқлар нобуд бўлганлиги сабабли қарийб 10 ойдан буён кредит фоизи ва асосий қарз тўланмай келинмоқда. “Ўлганнинг устига тепгандек” банк томонидан кредит қарздорлигини ундириш учун судга мурожаат қилинган. Ва тадбиркор қарздорлиги гаров мулкига қаратилган ва аукцион орқали иморатлар сотувга чиқарилган. Аукцион савдоси эса шу йилнинг 12 май куни бўлиб ўтиши белгиланган.

-Ўзим азалдан ҳаттотлик билан шуғулланаман, Сурхондарё вилояти бўйича 60 га яқин мачитларда ҳаттотлик қилганман, дейди Гаровбей Бобоколонов,.- Ҳожимурод яхши иш бошлади, маҳалламиздан бўлгани учун ёрдам қилгандим. Савдо мажмуасини 18 йил давомида қурганман. Дастлаб бинодан хонани ижара олиб, Ҳожимурод қурилиш моллари дўконини ташкил қилди. Кейин иморатимни банкдан кредит олиш учун гаровга қўйишга рухсат беришимни сўради. Мен эса рози бўлдим, сабаби аввал ҳам икки марта кредит олганда шу бинони гаровга қўйган эдик. Кредит қарзларини ўз вақтида тўлаб, ишончимни оқлаганди. Ҳозир эса шунча йиллик меҳнатимга куйиб қоляпман. Ушбу бинони қўл меҳнатим орқасидан барпо этиб, бир зумда бой берсам, ақлимга сиғдиролмаяпман…

Хуллас ечимини кутаётган чигал бир ҳолат. Бир тарафдан тадбиркорга етказилган зарар ундирилмаган, боз устига унга давлат божи қўлланилган бўлса, камига олган кредитларига гаровга қўйган маҳалладошининг кўчмас мулки сотилмоқда.

-Ҳурматли президентимиз Шавкат Миромонович, имконсизлигимдан сизга мурожаат қилмоқдаман. Мен тадбиркорлик қилиб, янги иш ўринларини яратгандим. Ўтган йилда «Тўпаланг» сув тошқини бўлиб катта миқдорда зарар кўрдим. Бу суммани тўлашга қурбим етмайди. Илтимос, менга зарарни тез фурсатларда қоплаб беришларида амалий ёрдам беришингизни сўрайман,- деб мурожаат қилмоқда чорасиз қолган табдиркор.

Тадбиркорнинг аппеляция шикояти 25 апрелда Сурхондарё вилоят судида кўриб чиқилади. Кимнинг манфаати устун бўлиши ҳозирча номаълум. Аммо, дастлабки суд ишида “Хожиакбар олтин балиқ” деҳқон хўжалигининг ҳоким қарори ва бошқа қонуний асосларга кўра ташкил этилганлиги, унга тегишли ҳужжатлар қонуний деб ҳисоблангани учун кредит маблағи ажратилганлиги каби фактлар инобатга олинмагани аниқ. Диёр24.уз сайти воқеалар ривожини кузатишда ва тафсилотларни очиқлаб боришда давом этади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan